Бангладеш Президенти Муҳаммад Шаҳобиддин муваққат ҳукумат тузилиши арафасида парламентни тарқатиб юборди. Бу ҳақда “Dhaka Tribune” нашри хабар берди.
Бу қарор давлат раҳбарининг мамлакат Қуролли кучлари, қатор сиёсий партиялар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва талабалар ҳаракати етакчилари билан учрашуви якуни бўйича қабул қилинган.
Собиқ Бош вазир, Миллатчилар партияси раҳбари Холида Зиё қамоқдан озод этилгани айтилди.
Талабалар норозилиги ҳаракати вакиллари муваққат ҳукумат бошқарувига тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус қўйилишини талаб қиляпти.
Бир кун аввал Бангладеш армияси Бош қўмондони генерал Воқир Уз-Замон мамлакатда ўтиш даври ҳукумати тузилишини билдирган. Бу ҳақда Бош вазир Шайх Хасина истеъфога чиққач, маълум бўлди.
Душанба куни минглаб намойишчилар Хасинанинг расмий қароргоҳи, Даккадаги Ганобхабана мажмуасига бостириб кирди. Шундан сўнг Хасина ва унинг синглиси расмий қароргоҳни тарк этди. Улар ҳарбий вертолётда хавфсизроқ жойга етиб боришган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, тартибсизлик пайти 147 киши ҳалок бўлган. Маҳаллий матбуот эса қурбонлар 200 нафардан кўплигини таъкидламоқда.