Депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Даставвал Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг йиғилишлари ўтказилиб, уларда қуйи палата кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди. Қонун лойиҳалари муҳокамаларининг натижалари бўйича уларни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқилиб, тавсиялар берилганди.
Депутатлар ўз ишларини янги таҳрирдаги «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишдан бошладилар. Таъкидланганидек, мамлакат иқтисодиётининг барча соҳа ва тармоқларида бўлгани каби божхонага оид қонун ҳужжатларини янада либераллаштириш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида божхона расмийлаштирувларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятни юритиш борасида сўнгги йилларда муҳим таркибий ўзгаришлар қилинмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан божхона органлари ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида қонунийлик, очиқлик, шаффофлик ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга қатъий риоя қилиш ишига доир нормалар белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун божхона органлари ходимларининг жавобгарлигини ошириш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларда шаффофлик ва очиқликни таъминлаш ҳамда божхона ишини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиб, уларни амалиётга татбиқ этиш масалалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоларидан иборат бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилиб, муҳокамага киритилган «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда кўмир, нефть, табиий газ ва уран каби қазилма бойликлар жаҳон энергетика балансининг асоси ҳисобланади. Бироқ қазиб олиш ва фойдаланиш жараёнларида уларнинг захиралари йилдан-йилга камайиб бормоқда. Келгусида иқтисодиётнинг ривожланиши, аҳоли сонининг ўсиши ҳамда одатдаги энергия таъминоти бўлган энергия ресурсларидан фойдаланиш ҳажми йилдан-йилга ошиб бориши табиий. Ривожланган хорижий мамлакатларда таркиб топган амалиёт шуни кўрсатадики, углеводород хомашёсининг танқислиги ва нархларининг барқарор эмаслиги боис бутун дунёда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги вақтларда мазкур йўналишда амалий ишларга киришиш мақсадида қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, депутатлар иқтисодиёти ва саноати жадал суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳанинг ривожи учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган қонуннинг яратилишини даврнинг ўзи тақозо этаётганини алоҳида таъкидладилар.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш вазифаларини амалга ошириш доирасида иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳаларда энергия самарадорлигини ҳамда ёқилғи-энергетика баланси диверсификация даражасини ошириш, мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, аҳоли саломатлиги учун ўта хавфли саналган иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришдан иборатдир.
Қонун лойиҳаси билан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирларини ҳуқуқий тартибга солиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқарувининг ҳуқуқий асосларини белгилаш назарда тутилган.
Депутатларнинг фикр-мулоҳазаларига кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек 2017-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш имконини беради.
“Адолат” социал-демократик партияси ўзининг сайловолди дастурида инновацион технологияларни, хусусан, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришни ўз мақсадларидан бири эканини қайд этган. Шунинг учун ҳам мазкур партия фракцияси аъзолари масалага ўта танқидий руҳда ёндашиб, талабчанлик кўрсатдилар ва лойиҳа устида жиддий иш олиб бориш зарурлигини уқтирдилар. Бошқа партия фракциялари билдирган таклифлардан фарқли ўлароқ, лойиҳанинг концептуал мақсадларини сақлаб қолган ҳолда, унинг қатор норма ва қоидаларини кенг мутахассислар иштирокида маромига етказиб, иккинчи ўқишга киритиш лозимлигини қайд этдилар.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу лойиҳа устида иш олиб бориш баробарида қонун қабул қилингач, юзага келадиган вазифа ва муаммолар хусусида ҳам илмий асосланган изланишларни бошлаб юборишга эътиборни қаратдилар. Фракция аъзоларининг фикрича, қайта тикланадиган энергия манбаларини қуриш учун технология ва асбоб-ускуналарни дастлабки йилларда хориждан келтиришга зарурат туғилади. Тобора камайиб бораётган табиий бойликларни сақлаб қолиб, энергиялар, жумладан, қуёш энергияси инсоният измига солинса-да, инновацияларнинг барчаси якуний ҳосила – энергия учун аҳоли тўлаши керак бўлган таннарх ошиб кетмаслигини ҳозирданоқ чуқур илмий асосда ўрганиб чиқишни талаб этади. Шу нуқтаи назардан лойиҳани кейинги ўқишларда муҳокама қилгунга қадар унинг ташаббускорлари депутатларга мазкур масалада асосли тушунтириш бериши зарурлиги таъкидланди.
Сиёсий партиялар фракцияларининг қизғин баҳс-мунозаларидан сўнг ҳар икки қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди ва масъул қўмиталарга муҳокамалар чоғида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, иккинчи ўқишга тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.