Ҳурматли дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Темир йўл транспорти ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг самимий ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Биз ушбу тизимда меҳнат қилаётган сизлар каби заҳматкаш ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва муҳандислар, машинист ва вагон кузатувчилари, соҳа фахрийларини ўз ишининг чинакам усталари деб биламиз ва Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини, халқимизнинг ҳаёт сифатини ошириш йўлидаги хизматларингизни юксак қадрлаймиз.

Ушбу қувончли айёмда соҳада амалга оширилаётган йирик лойиҳа ва дастурларимиз муваффақиятини таъминлашда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Бу ҳақда гапирганда, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасини Хоразм вилояти билан боғлайдиган Шовот – Қораўзак янги темир йўл тармоғи ҳамда Амударё орқали ўтадиган, темир йўл ва автомобиллар учун мўлжалланган муҳташам кўприк фойдаланишга топширилганини таъкидлаш лозим.

Ўтган даврда 3 минг километрдан зиёд темир йўллар электрлаштирилди. Бухоро – Урганч –Хива ҳамда Мискин – Нукус темир йўл тармоқларини электрлаштириш ишлари эса жадал давом эттирилмоқда.

Шунингдек, азим пойтахтимиздан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга “Афросиёб” электропоездларининг қатновлари сони оширилмоқда. Келгусида бу ишларнинг давоми сифатида Тошкент – Бухоро – Хива ҳамда Тошкент – Чирчиқ – Ҳожикент йўналишларида ҳам юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатновини йўлга қўямиз.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг халқаро транспорт ва транзит салоҳиятини юксалтириш борасида ҳам янги уфқлар очилмоқда. Стратегик аҳамиятга эга Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошлангани бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Ҳозирги вақтда ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётган pақамли технологиялар темир йўл транспортига ҳам фаол жорий этилмоқда. Натижада хизмат кўрсатиш даражаси кескин ошиб бормоқда. Айниқса, юкларни етказиш вақти сезиларли даражада қисқаргани, темир йўл участкаларининг ўтказувчанлик қобилияти ортгани, йўловчилар оқими кўпайгани, операцион харажатлар қисқаргани, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш соддалаштирилиб, юк ортиш ва тушириш ишлари бўйича енгиллаштирилган тартиб ўрнатилганини қайд этиш жоиз.

Ҳурматли соҳа ходимлари!

Ҳаёт ва тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада тезлашиб бораётган бугунги кунда замоннинг ўзи барча соҳалар қатори темир йўл тизими олдига ҳам ўта долзарб вазифаларни қўймоқда. Жумладан, темир йўл транспортини янада ривожлантириш, соҳада кўрсатилаётган хизматлар турини кўпайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, муҳим замонавий коммуникация объектларини барпо этиш бўйича сизлар билан биргаликда ҳали жуда катта ишларни амалга оширишимиз зарур.

Ишончим комил, бой билим ва тажрибага эга бўлган темир йўл соҳаси ходимлари янада улкан куч-ғайрат билан меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг темир йўл транспорти соҳасидаги салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшадилар.

Ўз навбатида соҳа ривожи учун янада қулай шароитларни яратиш, сизларнинг шарафли ва машаққатли меҳнатингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлади.

Сиз, азизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, келгуси фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти