Навбаҳор Имомова: "Шу диёр фарзандиман!" (давоми) +видео

Бугунги кунда кўплаб оммавий ахборот воситалари қатори «Америка овози» ҳам Ўзбекистондаги жараёнларни яқиндан кузатишни истайди.

Ўзбекистон сиёсати, фармонлар ва уларнинг амалиётини мунтазам таҳлил қилиб, кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилганмиз. Шу боис ҳам Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилиб, унга жиддий манба сифатида қараймиз.

«Америка овози» ва ЎзА бу борада меморандум имзолаш арафасида. Бу мажбурият эмас, балки ўзаро хоҳишга асосланган катта қадамдир.

ЎзА журналистлари олға сурган ташаббусни «Америка овози» журналистлари олқишлади ва бирга мана шу Меморандумни ишлаб чиқдик. Ҳар икки ҳукумат ҳам бундан, албатта, мамнун. Меморандум имзолангач эълон қилинади. Унда қатор мақсадлар кўзда тутилган.

Биринчидан, информация алмашинуви. Иккинчидан, тренинг ва малака ошириш дастурларини йўлга қўймоқчимиз. Бу осон иш эмас, маблағ ва имконият талаб қилади. Албатта, буни моддий имкониятимиз, қурбимизга қараб йўлга қўямиз.

Муҳими, Ўзбекистон ҳақидаги энг ишончли, тасдиқланган маълумотларни мана шу ахборот агентлигидан сўрашимиз мумкин. Масалан, инвестицион муҳит қизиқ. Ўз ўрнида, АҚШдаги қишлоқ хўжалиги ёки хусусий сектордаги ўзгаришлар, ишсизликка қарши кураш, ватандошлар ҳаёти ҳақида ёритмоқчи бўлишса, ЎзА бизга мурожаат қилишлари мумкин. Биз мана шундай келишувлар асосида бир-биримизни қизиқтирган мавзуларда мунтазам равишда материаллар алмашиб борамиз. Хусусан, Ўзбекистондаги ислоҳотларни таҳлил қилишда ЎзАга таянишни истаймиз. Агентлик биздан Қўшма Штатлар хусусида ахборот олиши мумкин.

Натижада профессионал муносабатлар шаклланади, журналистлар бир-бирини танийди, тренингларни йўлга қўйиш орқали тажрибалар алмашилади. «Америка овози» ўзбек хизмати ва ЎзА ўзига ишонган журналистларга эга. Шу боис мана шундай ишлар бошланяпти. ЎзА учун ҳам бу катта синов. Биз учун ҳам шундай. Агентлик кучайса, шериклар кўпаяди, талаб ошади.

Аккредитация нима? «Америка овози» ва менга Ўзбекистон очилди. Бу дегани биз энди мамлакатдан ахборот йиғиб, уни узата оламиз. Тошкентда бюро очаётганимиз йўқ. Мен вақти вақти билан келиб тураман. «Америка овози» 45 тилда эфирга чиқади. Ўзбек хизмати 1973 йилдан бери мунтазам фаолият юритиб келади. Биз учун глобал ўзбек аҳли -аудитория. Афғонистондан тортиб қўшни давлатларгача, Европадан тортиб Шимолий Америкагача – қайерда ўзбек бўлса, ўзбек тилидаги информацияга талаб бўлса, биз мана шу талабни қондиришга ҳаракат қиламиз.

Биз учун Ўзбекистондаги катта умумий манзара жуда ҳам қизиқ. Хўш, бугунги Ўзбекистон қандай? Уни қандай масалалар қийнаяпти? Бу масалаларга қарши кураш қандай кечаяпти? Ислоҳотлар жараёни қай даражада? Қўшнилар билан алоқалар қандай? Ўзбекистондаги турли тизимларда қандай ўзгаришлар рўй бермоқда? Халқ ҳукуматдан қанчалик рози? Ҳукумат қандай қийинчиликлар билан юзлашмоқда? Ўзбекистон дунёдан нима истайди? Дунё Ўзбекистондан нима истайди? Мана шундай катта ва мураккаб саволларга жавоб излаймиз ва Ўзбекистондан туриб ҳам эфирга чиқиш ниятидамиз.

Озода Бекмуродова тайёрлади. ЎзА