Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида 11 июль куни Фарғона вилоятига келди.

Мамлакатимизда транспорт инфратузилмаси соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Биргина ҳаво йўллари тармоғида Самарқанд, Термиз, Мўйноқ, Зомин аэропортлари янгиланиб, ишга туширилди. Тошкент ва Урганч халқаро ҳаво портлари таъмирланмоқда, “Тошкент-Шарқий” қайта қурилмоқда.

Жорий йил март ойида Қўқон аэропорти ҳам янгидан очилган эди. 11 июль куни Ўзбекистон Президентининг самолёти илк бор бу ерга қўнди.

Мазкур аэропорт 1977 йилда қурилган бўлиб, яқин йўналишларга парвозлар амалга оширилган. Кейинчалик фақат ҳарбий ҳаво кучлари томонидан фойдаланилган. Модернизация натижасида ушбу аэропорт орқали яна фуқаро авиацияси парвозлари йўлга қўйилди.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Аэропортда 100 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги қопламаси таъмирланган. Замонавий аэронавигация ускуналари ўрнатилган. Бу ишлар натижасида аэропорт А320-200 ва ATR 72-600 русумли самолётларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.

Президентимиз энди бу аэропорт халқимизга манфаат келтириши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун нарх ва хизматларни одамларга қулай қилиб, парвозларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ички туризм имкониятларидан фойдаланиш яхши самара бериши, халқаро рейсларни ҳам йўлга қўйиш мумкинлиги қайд этилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда кимё саноати жадал ривожланмоқда. Сўнгги беш йилда бу соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробарга ошиб, 45 триллион сўмга етди. Хусусан, янги қувватлар ҳисобига минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажми 17 фоизга кўпайиб, йилига 1,4 миллион тоннадан ошди. Бунда самарали инвестиция лойиҳалари катта ўрин тутмоқда.

Собиқ Қўқон суперфосфат заводи молиявий соғломлаштириш ва диверсификация қилиш мақсадида 2019 йилда Сингапурнинг “Indorama Holdings BV” компаниясига инвестиция мажбуриятлари билан сотилган эди. Унинг негизида “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” корхонаси ташкил этилди. 70 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, ишлаб чиқариш технологиялари модернизация қилинди. Испания, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Россия давлатларининг етакчи компанияларидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Қўшимча 150 та иш ўрни яратилди.

2021 йилда модернизация ишларининг биринчи босқичи доирасида аммонийлашган суперфосфат, сувда тез эрувчан комплекс минерал ўғитлар, азот-фосфор-калийли (NPK) минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Завод қуввати йилига 75 минг тоннадан 450 минг тоннага етказилди.

Хомашёлар маҳаллий корхоналардан олиб келинади. Масалан, фосфорит уни Қизилқумдан, сульфат кислотаси Олмалиқдан, аммоний сульфат Чирчиқдан, аммиак «Фарғонаазот» ва «Навоийазот»дан келтирилади. Бу маҳсулот таннархини барқарор сақлаш имконини бераётир.

Яна бир муҳим томони, модернизация натижасида ишлаб чиқаришга сарфланадиган электр энергияси ва табиий газ харажатларини 35-40 фоизга қисқартиришга эришилган. Бундан ташқари, атроф-муҳитни ифлослантирмаслик учун асосий ишлаб чиқариш цехларига тўрт босқичли тозалаш ускуналари ўрнатилган. Илгари бу фақат икки босқичли бўлган.

Корхона йилига 30 миллион доллар маҳсулотни экспорт қилиш қувватига эга. Бугунги кунда МДҲ, Европа, Африка ва Осиёнинг 16 давлатига минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари завод бўйлаб юриб, ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Корхона йирик кимё кластерига айланиб, нафақат иқтисодий, балки ижтимоий намуна бўлиши кераклиги таъкидланди. Завод ходимлари учун замонавий уй-жойлар қуриш, келажакда мактаб ва шифохона лойиҳаларини ҳам назарда тутиш бўйича фикр алмашилди.

Корхона изчил ривожланмоқда ва кейинги босқичлар бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Иккинчи босқич доирасида 50 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди. Швейцария, Германия, Ҳиндистон, Хитой ва Италиядан замонавий технологик ускуналар келтириб ўрнатилди. Ушбу босқичда йилига 24 миллион долларлик калий сульфат, сульфат кислотаси ва аммоний-хлорид ўғитлари ишлаб чиқарилади. 120 та янги иш ўрни яратилади.

Учинчи босқич ишлари 2025-2028 йилларда амалга оширилади. Унда моно ва дикальций фосфат, калий-нитрат, азот-фосфор-калийли комплекс минерал ўғит, кальций хлорид, моно аммоний фосфат, моно калий фосфат ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа қиймати – 100 миллион доллар. 235 та иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятида режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари билан танишди.

Кейинги етти йилда Фарғона вилоятига қарийб 77 триллион сўмлик инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 116 мингта иш ўрни ва 4,5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилган.

Бу йил вилоятда 1,3 миллиард долларлик мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.

Энди Фарғона вилоятида хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 132 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 2,1 миллиард долларлик 25 таси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди.

Лойиҳаларга Австрия, АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Қувайт, Япония ва Озарбайжон каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.

Масалан, Хитой инвесторлари билан ҳамкорликда Учкўприк туманида қиймати 50 миллион долларга керамик плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 500 нафар янги иш ўрни яратилади. Қува туманида Саудия Арабистони инвесторлари билан биргаликда иситиш ва совутиш тизимлари эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қиймати 50 миллион долларлик ушбу лойиҳа якунлангач, 350 кишининг бандлиги таъминланади.

Мазкур 132 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 23 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.

Президентимиз мутасаддиларга лойиҳаларнинг ҳуқуқий-ташкилий асосларини тезлаштириш, инвесторлар учун барча шароитларни таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Шароит ва талабчанлик туфайли бугун барча ҳудудларда иш суръати юқори. Бир корхона ишга тушиб, бошқалари қурилаяпти. Айниқса, саноат тармоқларида лойиҳалар шунчалик кўпки, ҳаммасига улгуриш қийин.

Шу боис давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи чоғида энг муҳим лойиҳаларга тўхталиш анъанага айланган. Фарғона вилоятида ҳам янги корхоналарни ишга тушириш ва қурилишини бошлаш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида сўнгги беш йилда Фарғонада саноат ҳажми 1,3 баробарга кўпайганини қайд этди. Экспорт ҳажми қарийб 2 баробарга ошиб, 722 миллион долларни ташкил этган.

Инвестициялар миқдори ҳам йил сайин ўсиб бормоқда. 2018 йилда вилоятда бор-йўғи 90 миллион доллар сармоя ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 1 миллиард 300 миллион доллар бўлган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 470 тага етган.

Вилоятда 6 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобидан 110 та ва яна 1,1 миллиард долларлик 22 та маҳаллий лойиҳа бўйича ишлар жадал кетмоқда. Уларда 20 мингдан ортиқ иш ўрни бўлади.

– Илгари вилоятда 6 та лойиҳа қилиш амримаҳол эди. Бугун 6 миллиард долларлик лойиҳалар ҳақида гапираяпмиз. Нима учун? Ўсдик, ривожландик, инвесторларни ишонтирдик, шароит яратдик. Бундай ишларни яна давом эттирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Биргина “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида 370 миллион долларлик юзга яқин лойиҳа бажарилиб, 9 мингта янги иш ўрни яратилди. Улар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 1 триллион 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 60 миллион долларлик экспорт қилинди.

Куни кеча қабул қилинган Президент қарорига кўра, ушбу саноат зонаси Қувасой шаҳри бўйлаб 210 гектарга кенгайтирилади. Унда қиймати 1 миллиард долларлик 185 та лойиҳа жойлаштирилиб, 12 мингта иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида 230 гектар майдонда “Ўзбекистон – Хитой” махсус саноат зонаси ташкил этилади.

Вилоятдаги муваффақиятли лойиҳалардан бири – Сингапурнинг “Indorama” компанияси билан ҳамкорликдаги минерал ўғитлар заводи. Энди унинг юқори самарадор комплекс ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича иккинчи босқичи ишга туширилмоқда ҳамда учинчи босқичи бошланмоқда. Буларнинг натижасида йилига 300 минг тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қўшимча 50 миллион долларлик экспорт таъминланади.

Маросимдаги яна тўртта лойиҳа энергетика соҳасида. Улар – Бешариқ туманида қуёш электр станцияси, Ўзбекистон туманида электр энергиясини сақлаш тизими, Фарғона туманида кичик гидроэлектрстанциялари.

Иқтисодиётимизда электр энергияга бўлган талаб йилига ўртача 6 фоизга ошиб бормоқда. Шу боис анъанавий манбалар билан бирга қайта тикланувчи қувватлар ҳам ривожлантирилмоқда.

Сўнгги уч йилда 2 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига қуввати 2,4 гигаватт бўлган 10 та қуёш ва шамол электр станцияси тармоққа уланди. Йил якунига қадар яна 12 та станциянинг қарийб 2,6 гигаватт қувватлари уланади. Шунингдек, ҳозирги кунда жами 19 миллиард долларлик, 18,3 гигаваттли 32 та “яшил” лойиҳа амалга оширилмоқда. Муҳими, бундай лойиҳалар ҳар бир вилоятда бор.

Хусусан, Фарғонанинг Бешариқ туманида Германиянинг “Hyper Partners” компанияси билан 500 мегаваттли қуёш электр станцияси қурилиши бошланмоқда. 350 миллион долларлик мазкур лойиҳанинг дастлабки 200 мегаватти шу йилнинг ўзида тармоққа уланиб, келгуси йилда тўлиқ ишга туширилади. Унда йилига 1 миллиард 600 миллион киловатт соат ёки 675 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. Натижада 466 миллион метр куб табиий газ тежалади.

Ўзбекистон туманида 144 миллион доллар хорижий инвестиция ҳисобига 150 мегаваттли илк электр энергиясини сақлаш тизими барпо этилади. Хитойнинг “Gezhouba Group” компанияси билан ҳамкорликдаги ушбу мажмуа шу йил якунига қадар ишга туширилади. У электр энергиясига талаб ортган вақтда автоматик ишга тушиб, энергетика тизими барқарорлигини таъминлайди.

Ушбу замонавий станциялар энергетика хавфсизлигини таъминлашга, иқтисодий самарадорликни оширишга, экологик барқарорликни яхшилашга хизмат қилади.

Соҳадаги яна бир йўналиш – сув ресурсларидан самарали фойдаланиш. Сўнгги етти йилда 630 миллион доллар инвестиция ҳисобига 400 мегаваттдан ортиқ янги қувватлар барпо этилиб, гидроэлектрстанциялар қуввати 2,2 гигаваттга етказилди.

Изланишлар давом эттирилиб, юртимизда 56 мегаватт қувватли 200 та кичик ва микроГЭСлар қуриш имконияти аниқланди. Бу борада алоҳида дастур қабул қилинди. Унинг доирасида Фарғона туманининг чекка ҳудудларида 2 та кичик ГЭС барпо этилди. Биринчиси, Шоҳимардон қишлоғида қурилган 2,2 мегаваттли, иккинчиси, Юқори Водил қишлоғидаги 430 киловаттли станциялардир. Улар яқин маҳаллалардаги аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлайди.

Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, битган корхоналар фаолиятини ва янги лойиҳалар қурилишини бошлаб берди.

Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Қўқон университетида яратилган шароитлар билан танишди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги қарори асосида ташкил этилган ушбу таълим маскани 6 минг 400 ўринга мўлжалланган. Ўқув бинолари, 500 ўринли 2 та талабалар турар жойи ҳамда ахборот-кутубхона марказида ёшлар учун барча шароит яратилган. Талабаларга 233 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда.

Бу ерда хорижий университетлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, 80 га яқин хорижий университет билан шартномалар имзоланган. Университет Туркий тилли давлатлар университетлари кенгаши аъзоси. Ўтган ўқув йилида Кенгашнинг таълим грантлари асосида 22 нафар ўқитувчи Туркия, Озарбайжон, Қозоғистонда малака ошириб қайтди. 15 нафар хорижлик ўқитувчи эса Қўқон университетида малака оширди.

Ҳудудда олти қаватли, икки минг ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси қурилмоқда. Бу ерда ўқув хоналари, фан лабораториялари, типография жойлашади. Шунингдек, икки қаватли ёшлар IT академияси барпо этилмоқда. Уларни шу йил сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

2022 йилда университетнинг туризм факультети учун минг ўринли янги бино барпо этилган.

Давлатимиз раҳбари миллий услубдаги ушбу мажмуани кўздан кечирди. Хориждан профессорларни таклиф этиб, дуал таълим тизимини кенг қўллаш, туризм ташкилотлари буюртмаси асосида талабаларни мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. Бу соҳада етук назарий ва амалий билимларга эга кадрлар ишлашини таъминлайди.

Шу ерда Фарғона туризм ҳалқасини яратишга оид концепция тақдимот қилинди.

Ўтган йили Фарғонага 430 минг хорижий турист келган. Лекин вилоятнинг тарихи, сўлим табиатига нисбатан қаралса, бу кам.

Фарғона туризм ҳалқасидан мақсад хорижий ва маҳаллий туристларнинг вилоятда қолиш муддатини 3 кундан 7 кунгача узайтириш, ташриф объектлари сонини 2 баробар оширишдир. Бунинг учун Фарғона, Олтиариқ, Қува, Учкўприк туманларидаги диққатга сазовор жойлар туризм йўналишларига киритилади. Умуман, ҳалқада 577 та маскан бўлади, 50 дан ортиқ савдо-хизмат турлари тақдим этилади.

Президентимиз университет ёнидаги Тепақўрғон археология ёдгорлигини ҳам кўздан кечирди.

Ёдгорлик шаҳар ёшини аниқлагани ҳамда қадимги ўрда ўрнида жойлашгани билан аҳамиятлидир. Яъни, бу ер Қўқон шаҳрининг энг қадимий асосидир.

Хўқанд милодий эра бошларида нафақат йирик шаҳар, балки кичик давлат пойтахти бўлган. У ҳақда кўплаб тарихий манбаларда ёзилган. Қўрғон харобага айлангач, узоқ йиллар давомида қабристон бўлган. Бу ерда кўплаб аллома, адиб ва мударрислар дафн этилган.

Ушбу ёдгорлик 2019 йилда моддий маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилган. 2022 йилда олиб борилган археологик қазув ишлари натижасида ёдгорлик аркининг тузилиши аниқланган.

Давлатимиз раҳбари мазкур археологик ёдгорликни реконструкция ва консервация қилиб, «очиқ осмон остидаги музей»га айлантириш ташаббусини билдирди.

– Зиёрат ўзи хайрли иш. Лекин миллат тарихини зиёрат қилиш янада улуғ неъмат. Бу ерда ана шундай шароит яратиш керак. Бу одамларга, айниқса, ёшларимизга ҳам билим, ҳам ғурур беради. Қўрғон ҳақида чет эллардаги манбаларни ўрганиб, маълумотларни бойитиб бориш ҳам зарур, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Бағдод туманидаги Юксалиш маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити билан танишди.

Ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган бу маҳаллада 3 минг 300 нафарга яқин аҳоли яшайди. 560 дан ортиқ хонадоннинг барчасида томорқа, ўндан ортиқ иссиқхона бор. Улардан омилкорлик билан фойдаланиб, икки марталаб ҳосил олинмоқда.

Яна баъзи оилалар ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, каштачилик билан шуғулланади. Бугунги кунда маҳаллада тадбиркорлик субъектлари сони йигирматадан ошди. Мактаб, боғча ва поликлиника бор. Уларда ҳудуд аҳолисининг бир қисми доимий иш билан банд.

Ўтган йили 131 киши ишга жойлаштирилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 22 та лойиҳага 240 миллион сўм кредит ажратилган.

Давлатимиз раҳбари маҳалладаги “Гулнора Матқулобод бодомлари” корхонаси фаолияти билан танишди.

Бағдодда бодом яхши ўсади. Корхона 11 та маҳалладаги 500 дан ортиқ хонадонларга бодом тарқатиб, сотувга тайёрлатади. Бир кунда 3 тоннагача маҳсулот қайта ишланади. Ҳозирда пўсти юмшатилган мазали бодомлар пойтахтимиз ва вилоятларга етказиб берилмоқда. Тадбиркор аёл энди уни экспорт қилишни режалаштираётганини айтди.

Президентимиз тадбиркор ва касаначи аёллар билан самимий суҳбатлашди. Ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги, ислоҳотларга камарбаста бўлиб, хотин-қизларни ишли қилаётгани учун уларга миннатдорлик билдирди.

Маҳалла бюджетида 83 миллион сўм бор. Кўчалар обод, хонадонлар саранжом-саришта. Маҳалла марказида ҳуқуқ-тартибот идораси, чиқинди йиғиш пункти барпо этилган.

Шу йил 25 июнь куни давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтган йиғилишда маҳаллаларда сервис компанияси ташкил қилиш чоралари белгиланган эди. Шу асосида бу ерда ҳам “Юксалиш ” маҳалла-сервис компанияси ташкил этилди.

Сервис компанияси Бағдод туманидаги 5 та маҳаллага хизмат кўрсатади. 24 соатлик иш йўлга қўйилган. 22 нафар ишчи, ўнга яқин юк ташиш ва махсус транспортлар, таъмирлаш анжомлари эл хизматида.

Тўловларни ундиришда “Менинг уйим” электрон дастуридан фойдаланилади. Унинг идораси ҳовлисида ҳунармандлар учун ҳам шароит яратилган.

Бу тажрибани кенгайтириб, маҳаллаларни обод қилиш, бандлик ва озодаликка алоҳида эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланди.

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида аҳоли зич яшайди. Яқин келажакда бу нуфус ошиб боради. Ёш оилаларга ва келгуси авлодларга муносиб шароит яратиш мақсадида Президентимиз шаҳарда янги массив қуриш ғоясини илгари сурди. Ташриф чоғида бу борада марғилонлик нуронийлар, жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашилди.

– Мамлакатимизнинг кўп жойларида янги массивлар, шаҳарчалар қураяпмиз. Марғилонликларнинг яшаш шароитларидан, уй-жойларга эҳтиёжидан хабарим бор. Шу талаб ва истакларни, кўпчилик оилаларнинг орзуларини инобатга олиб, замонавий иморатлар қуришни ўйлаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳага кўра, 110 гектар майдонда бунёдкорлик ишлари олиб борилади. Хусусан, 25 минг аҳолига мўлжалланган 5 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади. Шунингдек, Бурҳонуддин Марғилоний халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мақом театри, юридик институт, 4 та меҳмонхона, шоир ва санъаткорлар хиёбони, савдо ва хизмат мажмуалари бўлади. Истироҳат боғи унга файз ва ҳаво бағишлайди.

Жамоатчилик номидан сўз олган нуронийлар бу халқ кутган лойиҳа эканини айтиб, мамнунлигини билдирди. Ушбу эзгу ишга муваффақият тилаб дуо қилинди.

– Бугун бориб кўрдик, Фарғонада катта саноат корхоналари ишлаяпти. Янги электр станцияларини ишга туширдик. Нима учун? Халқимизнинг шароити бўлиши учун, корхоналар барқарор ишлаши учун. Энди сизлар ҳам ислоҳотларга камарбаста бўлиб, маҳаллалар ишсизлик ва камбағалликдан холи бўлишига кўмак беришингизни истардим, – деди Президент.

Мутасаддиларга массивни хориж тажрибаси асосида пухта лойиҳалаштириш, уйлар ва инфратузилмани узоқни кўзлаб барпо этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага ташрифи чоғида Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби очилди.

Лола Муротова Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси бўлган. Бутун умрини шу соҳага бағишлаб, катта муваффақият ва ҳурмат қозонган.

Бу бой тажрибани ёшларга етказиш, қишлоқ хўжалигида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида ушбу таълим даргоҳи ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Касб-ҳунар мактаби 480 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрланади. Ўттиздан ортиқ аудиториялар, еттита лаборатория, компьютер хоналари, фаоллар зали ва музей барпо этилган. Шунингдек, 150 ўринли турар жой, спорт зали, мини-футбол майдончаси, устахона, иссиқхона ва машғулотлар учун автодром ўқувчилар ихтиёрида бўлади.

Муассасага умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирганлар ўқишга қабул қилинади. Ўқув жараёни бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида, амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев Лола Муротованинг кўп йиллик меҳнати, инсоний фазилатларини ёдга олди.

– Лола опа ўзбек аёлининг нималарга қодирлигини кўрсатди, шу билан бирга, жуда камтар ва соддадил эди. Фидокорлиги, меҳнатсеварлиги билан юртимиз ривожи ва ободлигига катта ҳисса қўшган эди. Бу жиҳатлар ёшларга ўрнак бўлиши, улар касбни яхши ўрганиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Мактабда Германия тажрибаси асосида ўқувчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш жорий этилади. Таълим жараёнини сифатли ташкил этиш, методик ёрдам кўрсатиш учун мактаб Фарғона давлат университетига бириктирилди. Шунингдек, муассасада “Фермерлар мактаби”ни ҳам ташкил этиш кўзда тутилган. Унда буюртмачилар маблағлари ҳисобидан фермерлар малака ошириш курслари йўлга қўйилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини ҳам бориб кўрди.

Аҳолига муносиб яшаш шароитлари яратиш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Шу боис барча ҳудудларда бундай лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президентимиз 2022 йил ва ўтган йилда Фарғона шаҳридаги ушбу массив қурилишини кўздан кечирган эди. 300 гектарли ҳудудда 65 минг аҳолига мўлжалланган 365 та кўп қаватли уй босқичма-босқич бунёд этилмоқда. Бу уйлар 7, 9, 12, 16 ва 25 қаватли бўлиб, вилоят шаҳарсозлигида ўзига хос янгилик саналади.

Ҳозирги кунда илк уйлар ва боғлар обод аҳоли манзилига айланиб улгурди. 2 минг 887 хонадонли 75 та уй фойдаланишга топширилди. Уларнинг негизида Нурафшон маҳалласи ташкил этилди. Уйларга 500 дан ортиқ оила кўчиб келди. Иккита мактаб, учта боғча ва поликлиника очилди.

Ҳовлидаги ўйин майдончалардаги болаларнинг шодон қийқириғи кўнгилларни шод қилади. Жорий йил яна 25 та уй бунёд этилади.

Аҳоли анча зич яшайдиган ҳудудлар учун бундай массивлар муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Уй-жойларнинг сифат ва таннархи халқимиз имкониятига мос бўлиши кераклигига эътибор қаратилмоқда.

Бу ерда замонавий таълим даргоҳлари, тиббиёт муассасалари, спорт мажмуаси, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қад кўтармоқда.

Аҳолини иш билан таъминлаш учун массив ҳудудининг 50 гектарида кичик саноат зонаси ташкил этилади. Озиқ-овқат, тикувчилик, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, мебелсозлик ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар иш бошлайди. Бугунга қадар 423 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа жойлаштирилди. Уларнинг натижасида 700 та янги иш ўрни яратилади.

Массивни экошаҳар дейиш мумкин. Сабаби 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи”, сўлим хиёбонлар, сунъий кўл, тўрт минг ўринли амфитеатр барпо қилинди. Боғ ҳудудига бута ва манзарали дарахтлар экилган. Турли аттракционлар ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари массив бўйлаб юриб, сўлим масканни кўздан кечирди. Боғда қурилган амфитеатрда қисқа концерт дастури намойиш этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА мухбирлари