Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Жиззах вилоятига ташриф буюриб, йирик саноат объектлари билан танишди, янги лойиҳаларга старт берди.

Жиззах вилоятидаги “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонасида илк электромобиллар ишлаб чиқарила бошланди. Давлатимиз раҳбари дастлаб ушбу инновацион заводни келиб кўрди.

Бу мамлакатимиз автосаноатида янги босқич, улкан тарихий воқеа. Мазкур завод шу йил январда давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифи чоғида фаолият бошлаган эди. Бу қиймати 160 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, йилига 50 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга.

Бунинг учун қўшма корхона замонавий саноат инфратузилмаси билан таъминланди. Қарийб 2 километр темир йўл тортилди. Ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш учун бутловчи қисмлар омбори, 1 минг 200 та контейнер сиғимига эга логистика маркази қурилди.

Заводга Хитойдан роботлаштирилган тизимлар ва ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган. Электромобилнинг геометрик ўлчамларини юқори аниқликда текширувчи лаборатория ташкил қилинган.

Президент ушбу имкониятларни кўздан кечирди, хитойлик шериклар билан суҳбатлашди.

Ҳозирда бу ерда Chazor ва Song Plus Champion моделлари ишлаб чиқарилмоқда. Шавкат Мирзиёев конвейердан чиққан илк электромобилга имзо қўйди.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ахборот берилди.

Келгуси йилларда заводда моделлар қаторини кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 300 миллион долларлик иккинчи босқичда электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, 500 миллион долларлик учинчи босқичда 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган.

Режалар улкан, иш шунга яраша жадал. Электромобиллар сони ортиши билан маҳаллийлаштириш даражаси ҳам босқичма-босқич ошириб борилади. Энг аввало, бампер, ойна, лак-буёқ, пластик қисмларни ўзимизда тайёрлаш йўлга қўйилади. Кейинчалик аккумулятор, электр двигатель, алюминий қисмлар, шиналар, ўриндиқлар ишлаб чиқаришга ўтилади.

Мазкур янги тармоқда рақобатбардош бўлиш учун инновация ва етук мутахассислар керак. Шу боис таълим ва ривожланишга қаратилган «R&D маркази» ташкил этиш, илм ва муҳандислик ютуқларини изчил қўллаб бориш зарурлиги таъкидланди. Маҳаллийлаштириш лойиҳалари орқали маҳсулот таннархини тушириш чоралари муҳокама қилинди. Истиқболдаги мақсад – минтақа бозорларига чиқиш.

Бугунги кунда корхонада 1 минг 200 киши ишлайди. Ўтган йили 200 нафар ходим “Uzautoмotors” заводларида малака оширган. Бу йил яна 92 нафар мутахассис Хитойнинг Сиан ва Чанша шаҳарларида сифат назорати, технология, таъминот, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш каби йўналишларда малака оширади. Барча уч босқич жорий этилгач, иш ўринлари 10 мингтага етади.

Жиззах вилоятига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “BYD” компанияси президенти Ван Чуаньфуни қабул қилди.

Жиззахда гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхонанинг муваффақиятли фаолияти катта мамнуният билан қайд этилди. Бугун заводдан биринчи электромобиль чиқди.

Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 160 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди, 1,2 мингта иш ўрни яратилди. Корхонада пайвандлаш, бўяш ва йиғиш жараёнларини ўз ичига олган юқори технологик ишлаб чиқариш ташкил этилган.

Учрашувда Президентимиз яқин истиқболда моделлар қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини йилига 500 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлади.

Бутловчи ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш, маҳсулот таннархини камайтириш ҳамда автомобилларни Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига экспорт қилиш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Компаниянинг мамлакатимизда “яшил” транспортни ривожлантириш лойиҳасида иштирок этиш режалари ҳам қўллаб-қувватланди. Бу қўшма инновацион тадқиқот марказини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, электр транспорти учун техник регламент ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда “Blade” авлодига мансуб батареялар ва “BYD” электробусларини ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида иқтисодиёт учун ғоят зарур бўлган корхоналар барпо этилмоқда. Бу янги иш ўринлари очилиши, саноат тармоқлари ривожланиши, пировардида, халқимиз фаровонлиги ошишига хизмат қиляпти.

Жумладан, Жиззах вилоятида сўнгги беш йилда қайта ишлаш саноати ҳажми 1,6 баробарга кўпайиб, ўтган йилнинг ўзида 19 триллион сўмни ташкил қилган. Экспорт ҳажми 2,2 баробарга ошиб, 202 миллион долларга етган.

Хорижий инвестициялар миқдори ҳам йил сайин ўсиб бормоқда. 2018 йилда вилоятда бор-йўғи 18 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу рақам салкам 700 миллион долларга етган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 260 тани ташкил қилмоқда.

Бунда ҳар бир туманнинг ўз ўрни бор. Хусусан, Зомин туманида инвестиция дастурлари доирасида сўнгги беш йилда 1,8 триллион сўмлик 300 га яқин лойиҳа амалга оширилган ва уч мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. Қулай бизнес муҳити туфайли тумандаги кичик тадбиркорлик субъектлари сони 4 баробар кўпайган.

Зомин туманининг гўзал табиатига асосланиб туризм соҳаси унинг “драйвери”га айлантирилмоқда. Бундай хизматларни кўпайтириш мақсадида яқинда Зомин туристик зонаси ташкил этилди.

Булар билан чекланиб қолмасдан, Зоминда саноатни ривожлантиришга киришилган. Чунки ҳудуд бунинг учун жуда қулай. Туман мамлакатимиз марказий қисмида жойлашган. Бу ердан темир йўл ўтган. Яқинда Зомин аэропорти кенгайтирилиб, реконструкция қилинди.

Энди туманда Хитойнинг “Мингюан” компанияси билан ҳамкорликда “Технопарк” махсус саноат зонаси барпо этилмоқда. Бунинг учун 400 гектар ер майдони ажратилган. Уни инфратузилма билан таъминлаш бўйича манзилли дастур тасдиқланиб, 160 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Бу борадаги амалий ишлар аввалроқ бошланган бўлиб, 30 дан ортиқ лойиҳалар шакллантирилган. Уларга хитойлик инвесторлар томонидан 1,2 миллиард доллар инвестиция йўналтирилади.

Мазкур зонада ташқи бозорларда талаб юқори бўлган қўшилган қийматли маҳсулотлар чиқарувчи корхоналар ташкил этилади. Хусусан, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳалар амалга оширилади.

Натижада 5 мингдан ортиқ иш ўринлари пайдо бўлади, 4,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилади.

Технопарк ҳудудида Халқаро тажриба алмашинув инженерлик маркази ташкил этилиб, саноат корхоналари учун шу ернинг ўзида малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Шунингдек, ушбу ҳудудда офис маркази, турар жойлар, экобоғ, кўргазмалар зали ва савдо маркази барпо этилади.

Маросимда давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, технопаркдаги илк инвестиция лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.

Президентимиз ушбу замонавий лойиҳаларнинг амалга оширилишида ишбилармонларга муваффақиятлар тилади.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдужалол ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбирлари