Нукусда “Ёшларнинг маънавий онгини шакллантиришда кутубхонанинг ўрни” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Республика болалар кутубхонаси билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Болалар кутубхонаси мутасаддилари, ёзувчи-шоирлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш белгиланган. Китоб ўқишнинг фойдаси кўп. Ўқиш тилни тўғрилаш, оғзаки нутқни ривожлантириш, сўз бойлигини орттириш учун асосий манбадир. Киши канчалик кўп мутолаа қилса, шунчалик равон ва бехато сўзлайдиган бўлади, дунёқараши кенгаяди, маданий савияси ўсади. Шундай экан, ўқиш бугунги куннинг энг долзарб заруратларидан бири десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Ундан ташқари, киши кўп ўқиган сари билими ошади, ҳамма соҳадан маълум маънода хабари бўлади. Натижада атрофидагилар учун ҳам қизиқарли суҳбатдош, тўғри маслаҳатгўй ва ёрдамчига айланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва ижтимоий алоқалар масалалари қўмитаси ташаббуси билан 2024 йилга тасдиқланган “Йўл харита”сида таълим муассасаларида республика миқёсида китобхонлик билан боғлиқ “Китоб байрами” фестивали, “Халқаро болалар китоби куни” тадбирини, “Ёшларнинг маънавий онгини шакллантиришда кутубхонанинг ўрни” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган эди.

–Китоб – инсонга чин дўст ва сирдош бўла оладиган, муаммоли вазият туғилса, ечим топа оладиган, кучига куч, ғайратига ғайрат, ақлига ақл қўша оладиган беминнат ва сахий дўстдир, – дейди Беруний туманидаги 54-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ширин Султонова. –Инсон ақлу заковати етмайдиган нарсалар жуда ҳам кўпки, уларнинг ҳаммасини билишга инсон умри камлик қилади. Китоб ўқиш орқали билмаган нарсаларини билиш, ўз устида яна ва яна ишлаш ақлни чархлайди.

Тадбир иштирокчилари китоб ўқиш ва китобхонликни тарғиб этиш бўйича ўз фикр-таклифларини билдирди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари