27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни байрами арафасида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси Адилбай Оразовнинг “Қорақалпоғистон матбуоти фидойилари” номли янги китоби чоп этилди.
Жорий йилда “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 100 йиллиги, “Вести Каракалпакстана” газетасининг 105 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан ушбу газеталарда узоқ йиллар меҳнат қилган журналистлар ҳамда фотомухбирларнинг батафсил ҳаёт йўли, таржимоий ҳоли, машаққатли меҳнати, ютуқ ва мукофотлари тўғрисида ҳикоя қилинади. Матбуотга қизиқувчилар, журналистика соҳасида таҳсил олаётган талабалар 100 нафардан зиёд марҳум ижодкор, фахрийлар ҳамда бугунги кунда уларнинг йўлини давом эттириб келаётган ходимлар фаолияти билан танишиши мумкин.
Маълумот учун: журналист Адилбой Оразов 1979 йили Чимбой тумани Қизилўзак овулида таваллуд топган. 2004 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган. Қорақалпоғистон радиосида муҳаррир, “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг махсус мухбири, “Қарақалпақстан жаслары” газетаси бош мухаррири, Бўзатов тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари лавозимларида фаолият олиб борган.
Журналистнинг янги тўплами китобхонларга, ёш журналистларга матбуот соҳаси фидойиларининг ибратли ҳаёт йўли ҳамда сермаҳсул ижоди тўғрисида батафсил маълумот олишга кўмаклашади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири