Ўзбекистон бой ва нодир маданий-тарихий меросга эга. Буларнинг барчаси мамлакатимизда тўлиқ ишга солинмаган туризм индустриясини ривожлантириш ва юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм саноатини ривожлантириш, иқтисодиётнинг тез ўсишини таъминлашда унинг ролини ошириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича барча шароит яратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг соҳани ривожлантиришга оид бир нечта фармон ва қарорлари қабул қилиниб, ташқи ва ички туризмни ҳар томонлама кенгайтириш, туризм хизматларини жадал ривожлантириш, шунингдек, маданий мерос объектлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2020 йилда бошланган коронавирус пандемиясидан энг кўп зарар кўрган соҳа, шубҳасиз, туризм бўлди. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотига кўра, сайёҳлар ташрифи 2020 йилда 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан 74 фоизга камайган. Кўрилган зарар эса бир миллиард доллардан ошган.
Бугунги кунга келиб бутун дунёда туризмни қайта тиклашга сармоялар жалб қилиниб, соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратиляпти, солиқ ва мажбурий тўловларда енгилликлар берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу борада эътироф этишга лойиқ амалий ишлар қилиняпти.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 3 июнь куни ўтказилган ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ва соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқотда бу борада қилинган ишлар яна бир бор таҳлил қилинди. Камчиликлар кўрсатилиб, уларни ҳал қилиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Давлатимиз раҳбари ҳозирги мураккаб геосиёсий ва иқтисодий вазиятда туризм каби янги иш ўрни яратадиган, инвестиция ва экспортни кўпайтирадиган соҳаларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Мамлакатимиз туризм соҳасида ана шундай ишга солинмаган имконият борлиги, куни кеча Ислом ҳамкорлик ташкилоти Туризм кенгашига раислик қилиш ваколати Ўзбекистонга ўтгани ҳам катта имконият экани кўрсатиб ўтилди.
Дунёда иқтисодий вазият мураккаблашган ҳозирги шароитда кўпроқ иш ўрни яратадиган, инвестиция ва экспортни кўпайтирадиган соҳаларни қўллаб-қувватлаш зарур. Туризмда бундай имконият бор. Ушбу соҳага йўналтириладиган ҳар бир доллар келгусида 3-4 баробар даромад келтиради. Ҳар бир янги иш ўрни бошқа тармоқларда яна 2 та иш жойи ҳосил қилади. Ўтган йил октябрда Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти форуми доирасида 2 миллиард 300 миллион долларлик инвестициявий келишувларга эришилган эди. Улар орасида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги масканлар барпо этишга қаратилган лойиҳалар кўп.
Селекторда давлатимиз раҳбари хорижий инвесторлар томонидан Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарли тоғ-чанғи мажмуаси ташкил қилиш бошланганлиги ва Мираки қишлоғи бўйича мастер режа ишлаб чиқилаётганлигини ва бошқа амалга оширилаётган ишларни кўрсатиб ўтди. Шунингдек “Бойсун баҳори” халқаро этно-фестивали ўтказилаётгани натижасида Сурхондарёда сайёҳлар оқими 4 карра кўпайганлиги, ёшларнинг экстремал туризмга қизиқиши йилдан-йилга ошаётганлигини ҳисобга олиб, Бўстонлиқ, Паркент ва Айдаркўлда мазкур соҳани ривожлантиришга имкониятлар етарли эканлиги маълум қилинди. Президентимиз Мўйноқда ҳам парашют билан сакраш ва ҳаво дайвинги экстремал туризмини ривожлантириш мумкинлиги ва бунинг учун алоҳида ҳаво ҳудуди бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасида ҳам сўнгги йилларда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Жумладан, яқинда Орол денгизи соҳилида “Арал плаза” туристик мажмуаси очилди. У мароқли дам олиш учун барча қулайликларга эга. Шунингдек шу йилнинг 1 апрель санасидан бошлаб Нукус шаҳридан Мўйноқ туманига самолёт қатнови йўлга қўйилди. Янгидан очилган “Нукус –Мўйноқ–Нукус” йўналиши апрель ойидан бошлаб ҳафтасига 3 маротаба парвозларни амалга оширади. Айтиш жоизки, янги самолёт қатнови йўлга қўйилиши билан Қорақалпоғистоннинг энг машҳур туристик жойларидан бири бўлган Мўйноқ туманига хорижий саёҳларнинг келиши, шу билан бирга аҳоли учун ҳам қулай имконият яратилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 9 февралдаги қарори билан “Нукус–Истанбул–Нукус” ва “Нукус–Олмаота–Нукус” янги авиайўналишларини йўлга қўйиш белгиланган эди. Жорий йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб «Uzbekistan Airways» авиакомпания томонидан «Нукус–Олма ота–Нукус» йўналиши бўйича, 3 июнь куни эса «Нукус–Истанбул–Нукус» авиайўналиши бўйича дастлабки рейс амалга оширилди. Албатта, буларнинг барчаси Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш имкониятини янада ошириб, Қорақалпоғистонга сайёҳлар ташрифи бир неча баробарга кўпайишига имкон яратади.
Туризм иқтисодиётнинг янада ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади, қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини таъминлашга, миллат фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, инфратузилманинг ривожланишига туртки бўлиб, янада оммавийлашади. Туризм айни пайтда маърифат ва фуқаролик жамиятининг маънавий асосларини шакллантиришда кучли восита бўлиб ҳам хизмат қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда партиямиз мамлакатимизда туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, соҳа ривожи учун ўз таклиф ва ташаббуслари билан иштирок этади.
Тажибай Романов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси,
ЎзМТДП фракцияси раҳбари.
ЎзА