Тамаки, спиртли ичимлик, қазиб олинадиган ёнилғи ва кучли қайта ишланган озиқ-овқат таъсирида ҳар йили Европада 2,7 миллион киши нобуд бўляпти. Бу маълумот Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа идораси баёнотида келтирилган.

Тўрт маҳсулот – тамаки, юқори даражада қайта ишланган егулик, қазиб олинадиган ёнилғи ва алкоголь дунё бўйлаб йилига 19 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда, – дейилган ҳужжатда. – Фақат кўҳна қитъада барча ўлим ҳолатларининг 34 фоизи, яъни 2,7 миллиони юқорида таъкидланган омилларга тўғри келмоқда.

Ташкилот фикрича, саноатнинг бир неча тармоғи кам сонли, қудратли трансмиллий корпорацияларга бирлашган ҳолда ўзлари фаолият юритаётган сиёсий ва ҳуқуқий муҳитда сезиларли кучга эга. Шу боис уларга таъсир кўрсатиш, жамоат манфаатини тартибга солишнинг имкони йўқ.

– Саноат тактикаси заиф одамларни мақсадли маркетинг стратегияси тузоғига тушириш, истеъмолчини чалғитиш ва ўз маҳсулотининг афзаллигини таъкидлаш ёки бундай товарларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирига оид маълумотни нотўғри тақдим этишни назарда тутади, – дейишмоқда ЖССТ мутахассислари. – Бундай усул ўтган асрда соғлиқни сақлаш тизими ютуқларига таҳдид солди ва тиббиёт соҳасида кўзланган мақсадга эришишда мамлакатларга тўсқинлик қилди. Саноатнинг йирик тармоқлари жамоатчилик манфаатини кўзловчи меъёрий ҳужжатларга қарши туриш учун йирик ресурсларни сарфлаётгани афсусланарли.