Олманинг табиий шарбати ҳам алкоголь ҳисобланадими?

Баъзи юртдошларимиз 2019 йилдан ҳайдовчилар арпа, узумдан тайёрланган виноларни бемалол ичиб юриш мумкин, вино энди алкоголь ичимликлар сирасига кирмас экан деган фикрга боришмоқда. Аслида шундайми?
Президентимизнинг 2018 йил 28 февралда қабул қилинган “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори хомашё базасини яратиш ва ривожлантириш, сифатли ва рақобатбардош виночилик ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишда янги имкониятларни белгилаб берди.
Ҳужжатда табиий винолар ишлаб чиқариш қишлоқ хўжалиги маҳсулоти синфига киритилиб, лицензиялашдан озод этилиши келтирилган. Буни баъзи юртдошларимиз 2019 йилдан ҳайдовчилар арпа, узумдан тайёрланган виноларни бемалол ичиб юриш мумкин, вино энди алкоголь ичимликлар сирасига кирмас экан деган фикрга боришмоқда. Аслида шундайми?
«Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Жамшид Аҳмаджонов ушбу масалага ойдинлик киритди.
– Арпадан вино тайёрлаб бўлмайди. Ундан пиво, виски, скоч каби кучли алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Вино фақатгина винобоп узум навларидан тайёрланади. Ҳеч бир қонун ёки қарорда вино истеъмол қилиб, автомобиль бошқариш мумкин, арпадан вино қилинади ва бемалол ичиб юриш мумкин, деган жойи йўқ. Вино қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сафига киритилган бўлса-да, алкоголлигича қолади.
Ваҳоланки, маҳсулот таркибида спирт миқдори бир ярим фоиздан ошдими, у алкоголь маҳсулот ҳисобланади. Агарда узум ва олмадан олинган табиий шарбатлар таркибида спирт миқдори кўпайиб кетса, у ҳам алкогол, ҳисобланади.
– Бирор тадбиркор табиий вино ишлаб чиқарса ва унинг 100 гектар узумзори бўлса, ана шу мулкдор ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялашдан озод қилинган. Айни вақтда юртимизда ана шундай имкониятдан фойдаланаётган ишбилармон борми?
– Ҳозирча, бир нарса дейиш қийин. Айни вақтда узумзорларни ҳисоб-китоби олиб борилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан бизга берилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда 100 минг гектардан зиёд узумзорлар борлиги келтирилган.
Агар билсангиз, бир вақтлар узумчиликка ихтисослашган колхоз ва совхозлар бўларди. Уларда токни қачон буташ, дорилаш, мевани узиш ва қайта ишлаш корхоналарига етказиб бериш тартибини жуда яхши биладиган миришкорлар фаолият юритарди. Бу тузилмаларнинг тарқатиб юборилиши, туман ҳокимларининг узумга нисбатан бефарқлиги катта майдонларни йўқ бўлишига олиб келди. Винобоп узумдан кўра, хўраки навлар харидоргир ва қиммат бўлгани боис, мулкдорлар винобоп токларни кесиб, хўрак узум майдонларини кенгайтирди. Айни вақтда серҳосил, янги токзорлар ташкил этиш мўлжалланмоқда.

 

Сайёра Шоева ЎзА