Франция пойтахти Париж шаҳри шимолида қурилган “Олимпия шаҳарчаси” яқинида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган 15 киши ҳибсга олинди, дея хабар тарқатди AFP сайти.
Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганларни ҳибсга олиш операцияси давомида Франция полицияси ва божхона ходимлари 10 килограммга яқин заҳри қотилни, 20 минг евро нақд пул ва 48 та уяли телефон аппаратини мусодара қилган.
Франция полицияси маълумотига кўра, “Олимпия шаҳарчаси”даги 14 мингдан зиёд иштирокчилар истиқомат қиладиган бинолар ва уларга туташ ҳудудлар доимий равишда назоратга олинади. Жорий йилнинг 26 июлидан бошланадиган ёзги Олимпия ўйинлари олдидан Париж-2024 тадбирига дахлдор масканларда рейд ва текширувлар ўтказиб борилади.
Париж шаҳар прокурори Лауре Бекқуо “Franceinfo” радиосига берган интервьюсида Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун дунёнинг турли давлатларидан спорт делегацияларининг келиши, сайёҳлар оқимининг ортиши оқибатида мамлакатда ўғирлик, талончилик, фирибгарлик жиноятлари ортиши мумкинлигини айтиб ўтган.
Франциялик сенаторларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда гиёҳванд моддалар савдоси ҳар йили 3-6 миллиард еврогача яширин даромад манбаига айланган.
Т. Рўзиев, ЎзА