Мен икки асрни кўриш бахти насиб этган одамлар сирасиданман. Бердақ бобомдан мерос қолган «ёмондан қоч, яхшига ёндош» васиятига содиқлик қорақалпоқ халқининг азалий тақдири ва ҳаётий мезони.

«Яқин ўтмишда сохта ваъдаларга эргашиб, қарийб етмиш беш йил югурганмиз… Нега югураётганимиз, қаёққа бораётганимизни ҳеч ким билмасди. Биз эргашган “даҳолар» ваъдаси – «порлоқ келажак» Устюртдагидек саробга ўхшарди. Қувасиз, етолмайсиз. “Порлоқ келажак” сари сафарга чиқсанг, кечқурун уйингизга қайтиб келишингиз амримаҳол. Автобуслар тўхтаб қолган, таксилар эса анқонинг уруғи эди. Оддий одамлар шахсий машиналардан умид этмасди, машиналарни парткомга яқин омборчилар минарди…» десам, ўнта неварамнинг биронтаси ҳам ишонмайди. Қандай ишонсин, ахир, улар тошиб оқиб, Оролини тўлдириб турган дарё кўрмай, эски китоблардан ажралиб вояга етган авлодимиз сирасига киради-да. Улар йўлга чиқаман деса, такси уйдан олиб кетиб, олиб келади. Хоҳласа, нафақат Мўйноқ, Тошкент ва ундан нарига ҳам элтиб қўяди. Кўчамиздаги икки уйнинг бири эшигида машина турибди…

Биринчи Президентимиз азму шижоати билан озодликка эришдик, мустақиллик пойдеворини қурдик, жаҳонга юз тутиб, тенглар ичра тенг мамлакат сифатида тан олиндик.

Истиқлолимиз шарофати ила соҳилидан чекинган денгиздан йўқотган насибамизни ер қаъридан топдик: Устюрт ва Оролқумни қазиб, нефть-газ чиқардик, ҳозир дунёнинг манаман деган саноат корхоналаридан қолишмайдиган Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-кимё мажмуаси ишлаб турибди.

Яратган бизга Шарқ ва Ғарб туташган жойдан ажойиб бир масканни Ватан қилиб берган экан, бунинг қадрига етиб, орзу-умидларимизни рўёбга чиқаришга бел боғладик. Қаранг, ривожланган давлатлар ўзларининг бугунги фаровон турмуш тарзига неча асрлар заҳмат чекиб эришган бўлса, биз қарийб чорак асрда уларнинг марраларига яқинлашаяпмиз. Турли-туман вазифаларни бир зумда бажарадиган энг замонавий қўл телефонлари, компьютерлардан тортиб, узоғимизни яқинлатадиган автомобилларгача ўзимиз ишлаб чиқараяпмиз…

Тақдир тақозоси – Биринчи Президентимиз ўтиб қолганида, энди нима қиламиз деб қайғурган эдик. Худо бериб, ўзимизнинг орамиздан чиққан ғайратли бир йигитни сайлаб олдик. Доно халқимизнинг танловига қаранг, янги Юртбошимиз халқ дарди билан яшаб, унинг дардини елкасига олаяпти.

Олдин тепадан Нукусга «катталар» келадиган бўлса, биз йўл ҳаракатларини тўхтатиб, ҳафталаб шанбалик ўтказиб, кўча-кўй, атрофни супуриб тозалардик. Қарасак, янги Юртбошимиз ўз овулига келгандек, ҳатто уйларга кириб, нон-туз тотиб юрибди. Унинг келиб-кетганини кечқурун телевизордан кўраяпмиз.

Президентимиз тўппа-тўғри Хўжайлига бориб, маҳаллий мутасаддиларнинг олдин тайёрлаб, кўз-кўз қиладиган жойларига бормасдан, тумандаги шифохона, аёллар Мурувват уйи, мактаб билан қишлоқ врачлик пунктларига кириб, кўчада юрган одамлар билан кўришиб, уларнинг дардини тинглаяпти. Мавжуд муаммоларга ўз фикр–мулоҳазаларини очиқ-ойдин айтиб, одамларга “Энди аввалгидек турмуш кечириб бўлмайди, уйғониш керак!” деяпти.

***

Юртбошимиз: “Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз” деганди.

Натижасини телевизордан кўринг. Ўзи хон, кўланкаси майдон, баъзи катта-кичик димоғдор раҳбарлар четлатилиб, янгилари янгича услубда ишлаяпти. Кеча одамлар мутасаддилар қабулига киролмай юрган бўлса, бугун улар Халқ қабулхоналарида энди қайси мутасадди билан учрашсам, муаммо тезроқ ҳал бўлади, деб бош қотираяпти. Дард билан даво, ваъда билан ижро орасидаги масофа кескин қисқариб, айтилган сўз отилган ўқ қабилидаги ҳақиқатнинг ёлғондан устуворлигидан инсоннинг яхши яшаш истаги ва ҳуқуқи тикланмоқда.

Президентимиз Қўнғиротда: «Биринчи ўринда сув, ичимлик суви туриши керак. Биз Мўйноққа тоза ичимлик сувини жадал етказишимиз шарт!» деди. Орадан беш ой ўтар-ўтмас, Мўйноқда одамлар тоза сувни тавоб қилиб, фавворада сув байрамини ўтказди.

Ривожланган давлатларнинг жон томири – электр энергия билан коммуникация ҳисобланади. Овулларида ток тез-тез ўчиб колаверадиган Қорақалпоғистоннинг саноат-қурилиш тармоқларининг жадал ривожланиши янги электр энергия қувватларини талаб этади. Бу муаммо ечимини Юртбошимиз қўлга олди.

Натижада Нукусда трансформатор, фотоэлектростанция деталлари, автоматик электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш режалаштирилган завод, ёнида эса йилига 8 минг тонна полиэтилен труба ва қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган «Полимер» корхонаси мустақиллигимиз арафасида ишга тушиши кўзда тутилган. “Tахиатош иссиқлик электр станцияси”га қўшимча 230-250 МВт қувватига эга иккита буғ-газ қурилмасини қуриш асосида модернизация ишлари амалга оширилмоқда.

Якин орада “Жамансой” конида хитойлик ҳамкорлар билан қиймати 19,8 миллион АҚШ долларлик «Қорақалпоқцемент» корхонаси ишга туширилади. Энди бу маҳсулотни олис-олислардан ташишга барҳам берилади.

Фермерлар билан учрашувда сув танқис бу худуднинг қишлоқ хўжалик тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ва кам даромадли пахта экин майдонларини боғ-роғ, сабзавот етиштириш билан алмаштириш бугунги кун талаби эканлиги айтилганди. Ҳисоб-китоб қилиниб, шу йилнинг ўзида Қорақалпоғистонда 1400 гектар пахта майдони қисқартирилиб, ўрнига бошқа экинлар экилиши режалаштирилди. Энг муҳими, Оролга ташхис қўйилди. Дардини топсангиз, давоси осон. Жумладан, Нукус туманида пахта экинидан бўшаган 360 гектар ер озуқа экинлари билан алмаштирилади.

Хўш, фермер ва деҳқон сувни тежашдан ўзига яна қандай наф кўради?

Нукус туманидаги фермер Бийсенбай Мадреймовнинг “Парахат-Гаухар” фермер хўжалигининг бу йилги режавий ҳисоб-китобига эътибор берайлик:

Унинг пахтадан қисқартирилган 16 гектар ери ўрнига 3 гектарга сабзавот, 3 гектар полиз, 3 гектар картошка,1 гектарга интенсив боғ, 2 гектардан узум, озуқа, мойли экинлар экиш мўлжалланди. Жами 51,9 миллион сўм харажат сарфлаб, 81,3 миллион сўм даромад олишни кўзламоқда. Соф фойда 29,4 миллион сўм бўлади, рентабеллик эса 56,7 фоизни ташкил этади.

Таққослаш мумкин: 2016 йилда 1 гектар пахта майдонидан фермер олган даромади 3 024,0 минг сўм бўлган.

2017 йилда пахтани алмаштирган экинларнинг ҳар гектаридан мўлжалда олинадиган ўртача даромад 5 080,0 минг сўмни ташкил этади.Янгидан 4 та иш ўрни очилади.

– Сув танқислигидан жабр кўраётган минтақамизда мева-сабзавот, узум, гўшт, сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш учун улкан хомашё захиралари мавжуд, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар кенгаши раиси Сарсенбой Сейтназаров. – Шу мақсадда Шуманай, Қўнғирот, Кегейли, Қораўзак, Нукус туманлари билан пойтахтнинг ўзида гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, Амударё туманида мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Жўжани кузда санашади, дейишади. Эртага кузда санаб кўрамиз.

Илгари Қорақалпоғистонда тери маҳсулотлари саноат асосида қайта ишланмаган. Улар арзимаган баҳода четга жўнатиларди. “Этигинг тор бўлса, дунёнинг кенглигидан не фойда?” деган ибора бор қорақалпоқларда. Тор этикни кенг тусов билан оёғимиздан тушиб қолгунча таъмирлаб киярдик. Болаларга этикларингни укаларингга йиртмасдан берсанглар, янгисини олиб берамиз, дея ўзимизнинг теримиздан тикилган этикни ўзимиз ўн баравар қимматига сотиб олардик.

Бугун Нукус шаҳрида йилига 27 миллион кв.дм терини қайта ишловчи “Ориент технолоджи”, Амударё туманида 10 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарувчи “Бойовул пойабзали” корхоналарининг ишга туширилгани ўзимизни ўзимиз арзон пойабзал билан таъминлаш имконини яқинлаштирмоқда.

Қорақалпоқ адабиёти ва санъатига эътибор сусайиб, адиблар «ўзинг ёз, ўзинг бос, ўзинг сот, ўзинг ўқи» қабилида ижод қилишга ўтиб, ёшларнинг она тилида китоб ўқиш имкони камайиб кетган эди. Президентимизнинг қарорларига эътибор берсангиз, қорақалпоқ маданияти ва санъатига алоҳида урғу берилаяпти.

Нукусда Иброҳим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби бунёд этилиб, унда кутубхона билан босмахона очилишига яқин кунлар қолди.

–Ибройим оға Юсупов қорақалпоқ халқининг ардоқли фарзанди, ХХ аср Бердағи деса бўладиган сиймо эди, – дейди филология фанлари доктори, профессор Саригул Бахадирова. – Буюк шоирга бўлган катта ҳурмат-эътибор самарасини Ибройим оға номидаги иқтидорли болалар мактабининг ташкил этилиши деб биламан. Мен Президентимизнинг давлатчилигимизни мустаҳкамлашдаги ҳар бир қадамини мамнуният билан кузатиб бораяпман. Унинг илм-фанга эътибори туфайли, Академиямиз қайта тикланиб, олимлар билан ёзувчиларга яхши шароитлар яратилмоқда.

Ҳақиқатан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим оға Юсупов қорақалпоқ ва ўзбек адабиётлари ривожига улкан ҳисса қўшган адиб саналади.

ТошДУ десам, дарҳол тушади эсга,

Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…

деган сатрларни қўшиқ қилиб, қанча йигит-қизлар бахтини топмади дейсиз? Унинг асарлари Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, юртга фидойилик ғоялар билан йўғрилган.

Бундай қарасангиз, олимнинг тажрибаси билан ёзувчининг меҳнати кўзга кўринмайдигандек туюлади, лекин уларнинг замирида тамаддун ривожи билан инсонлар қалбининг калитлари турибди.

***

Тошкентда уч-тўрт ой ишлаб, Нукусга қайтсам, она шаҳримни танимай қолаяпман. Пойтахтимизга энди дунёга келган чақалоқдек покиза чирой кираяпти, уни худди невараларимдек бағримга босиб, ўпгим келади… Бир қарасам, шаҳарни қоқ ёриб оқаётган каналда замонавий қайиқ қалқиб юрибди. Қайиқ ёшлар билан тўла, мусиқа-қўшиқ саслари соҳилларга урилиб қайтади. Худди келин-куёвлар тўйларига ёшлар қайиқда келаётгандек. Эсимга Мўйноқдаги раҳматлик Табинбой оғамнинг ёшлик пайтлари кампирини Ургадан Қизилжарга қайиқда “олиб қочганлари” тўшди…

Ҳозирги “Каптива”, “Малибу”, “Ласетти”, “Нексия”лар йўқ пайтлари Қўнғирот, Мўйноқдаги келин–куёвлар тўйларига қайиқда боришган, деганимга невараларимнинг биронтасини ҳам ишонмайди. Қачонгача чўпчак айтаверасиз, дейди улар, худди “Нексия”лар билан қўшилиб туғилганидек. “Нексия” деганининг асл моҳияти нима деб, сўз маъносини яхши англайдиган шоир иним Ҳайтбой Абдусодиқга китоб очдириб кўрсам,“Нексия» дегани «Бахт”ни англатаркан… Бугун Нукуснинг қоқ марказидаги каналда қайиқ билан тўлиб оқкан дарё, тўла турган денгиз кўрмаган невараларим билан соҳилдаги фавворалар ора сузиб юрсак, биздан ўзга ким бахтли, ўзи?!

Янгиликларнинг санаб адоғига етиш қийин.

Куни-кеча тонготарда Тахиатош нуронийлари раҳбари, шоир жўрам Жолдасбой Нуруллаев қўнғироқ қилиб, нуронийлар мурожаати билан шаҳримиз алоҳида Тахиатош тумани мақомида қайта тикланди, келмайсизми, бирга байрам қилардик, деб қолди. Қорақалпоқлар сув танқислиги шароитида ҳам Ибройим оға ёзганларидек, бири-бирининг кўнглидан сув ичиб яшайверган. Кўнгил булоқлари эса шаффоф ва туганмасдир…

Мен дўстимнинг қувончидан бехабар «денгиз қуриди, энди не бўлади» дея зорлаганларнинг бири сифатида, ҳалибери, денгиз дарди билан яшаётган эдим. Хаёлимда саҳро кезиб, Оролга Устюрт томонидан Оқтумчуқга чиқдим. Бу ерда денгизнинг чекинган оралиғи ярим чақирим, мовий денгиз ҳали чексиз. Мутахассислар таъкидлашича, Орол денгизининг шўрлилиги жаҳонга машҳур туризм ва даволаниш марказларининг бири Яқин Шарқдаги Ўлик денгизига тенглашиб қолибди. Оролда ҳам чўмилсангиз қалқасиз, чўнғисангиз ботмайсиз, демак, Президентимизнинг Орол муаммосига боғлиқ қарорлари асосида нега «Оқтумчуқ» халқаро даволаниш туризми зонасини ташкил этмаймиз?

Бугун Оролбўйида умидлар уйғониб, орзулар тонги отмоқда. Ҳалол меҳнат қиладиган, тадбиркорлик олдидаги барча тўсиқлар олиб ташланганига хурсанд одамлар енг шимариб ишга киришаяпти.

Бердақ бобомиз айтганидек:

Тадбир қилиб, топ дунёни,
Болдан ортиқ, билсанг, ани…

Қорақалпоқлар ота-боболари руҳларига содиқ одамлар. Кўнглини топсангиз, тоғни талқон қилади, томчидан денгиз яратади…

Ўрозбой Абдураҳмонов,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.

 

ЎзА