Президентимиз Олмазор туманидаги 2-ички ишлар бўлими билан танишди

Мазкур ички ишлар бўлими Шифокорлар, Жийдали, Хислат, Беруний, Мирза Ғолиб ва Чиғатой Оқтепа маҳаллалари ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича фаолият олиб боради. 

Бўлимда навбатчилик қисми, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноят қидирув, вояга етмаганлар билан ишлаш инспекторлари, хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш ходими ҳамда маҳалла профилактика инспектори самарали ишлаши учун барча шароит яратилган.

Ички ишлар бўлими замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Навбатчилик қисмига видеокузатув тизими жорий этилган бўлиб, ҳудудни туну кун назорат қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқаролар хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Туман ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган интеллектуал камералар қидирувда бўлган фуқароларнинг юз тасвири, ўғирланган автомобиллар давлат рақамини мазкур навбатчилик қисмига юборади. Бу ердаги видеокузатув тизими ИИВ маълумотлар базасига уланган бўлиб, шубҳали шахс ҳақида бўлимга сигнал беради. Шундан сўнг шубҳали шахс аниқланган ҳудудга дарҳол ички ишлар ходимлари юборилиб, жиноятчи қўлга олинади.

f6034746-1870-4733-9474-fef87083d7a1.jpg

Ҳудудда кўп қаватли уйлар, олий таълим муассасалари, шифохоналар, жомеъ масжидлари, деҳқон бозори ва бошқа ижтимоий объектлар талайгина бўлиб, бўлим барча жойда вазиятни кузатиб бориш, зарур ҳолларда зудлик билан чоралар кўриш, осойишталикни таъминлаш имконини беради.

Президентимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари билан суҳбатда аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бугунги куннинг энг муҳим устувор вазифаларидан эканини таъкидлади. Жамиятда маънавий муҳит барқарорлигини асраш, ёшлар диний оқимларга қўшилиб кетишининг олдини олиш, халқимиз осойишталигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Фуқаролар, айниқса, ёшларнинг нотўғри йўлларга кириб кетиш сабаблари, жиноятчиликни келтириб чиқараётган асосий омилларни ўрганувчи, аниқловчи, таҳлил қилувчи мутахассисларга эҳтиёж юқори. Одамларни диний оқимлардан қайтарувчи ҳақиқий психолог мутахассислар етишмайди. Жиноятнинг тагига етадиган, уни аниқлайдиган методик қўлланмалар бугун сув ва ҳаводек зарур. Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш учун Давлат хавфсизлиги хизмати ҳузурида дин соҳасида чуқур билимли мутахассислар тайёрлайдиган, Бош прокуратура ҳузурида криминалистика, яъни жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганадиган марказларни тузиш пайти келди, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз шу ерда Тошкент шаҳар ИИББ қўриқлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, пост-патрул хизматларига ажратилган авто-мототранспорт воситалари, кўчма пост кабинаси намуналари билан танишди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА