Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2018 йил 28 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси иш бошлади. Ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.
Сенаторлар ишни “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Қонун шахс, жамият ва давлатнинг экстремизмдан хавфсизлигини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга қаратилган.
Қонунда экстремизмга қарши курашишнинг асосий тушунчалари, принциплари ва йўналишлари, бу соҳада фаолиятни амалга оширувчи органлар доираси ва уларнинг ваколатлари, экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирлари, шунингдек, экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантиришга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга, шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга, халқаро умумэътироф этилган нормалар ва стандартларни ижро этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатимиз суд тизимида иш ҳажмини камайтиришдан иборат.
Ушбу Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек, якка меҳнат низоларига, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Шуниси эътиборлики, ушбу Қонун медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан қўлланилмайди.
Қонунда медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкинлиги Қонунда назарда тутилган.
Нопрофессионал асосдаги медиатор фаолиятини йигирма беш ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин. Қонунда медиация тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги, махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши ҳам кўрсатилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар томонидан “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилди. Қонуннинг мақсади жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекиш кенг тарқалишига йўл қўймаслик, чекмайдиган фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ва тамаки тутуни билан зарарланишнинг олдини олиш, чилим ва электрон сигареталар чекиш натижасида келиб чиқадиган касалликлар ҳамда гуруҳ бўлиб чекиш оқибатида юқиш хавфи бўлган хасталиклар тарқалишининг олдини олишдир.
Қонунда “чилим”, “чилим учун тамакисиз чекиш аралашмаси”, “чилим чекиш учун дамлама”, “чилим учун чекиш тоши”, “электрон сигарета” каби асосий тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган, шунингдек, чилим ва электрон сигареталар чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойлари рўйхатига аниқлик киритилган.
Қонун чилим ва электрон сигареталар чекишни реклама ва тарғиб қилишни чеклашга доир нормалардан иборат бўлиб, унда жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш чораларини кўриш учун масъул шахслар ва уларнинг мажбуриятлари белгиланган, жамоат жойларида жойлашган хоналарни чилим ва электрон сигареталарни чекиш учун бериш, шунингдек, жамоат жойларида чилимни ва электрон сигареталарни фойдаланишга бериш тақиқланади.
Сенаторлар таъкидлаганидек, жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга қаратилган профилактик тадбирларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, таълим масканлари ва бошқа ташкилотлар иштирок этишининг белгилаб қўйилгани бунда муҳим аҳамият касб этади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар ишни янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш билан давом эттирдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таъкидланганидек, Қонуннинг мақсади интеграциялашган тадбиркорлар ҳамжамиятини шакллантириш ва тадбиркорлик субъектларининг, улар бирлашмаларининг давлат органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини кенг қамраб олиш ва уларни тадбиркорлар ҳамжамиятини шакллантириш жараёнига жалб қилишдан иборатдир.
Қонунда умумий қоидалар, Палатанинг вазифалари ва функциялари, давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлардаги иштироки, унинг фаолиятини ташкил этиш, халқаро ҳамкорлиги, низоларни ҳал қилиш механизми назарда тутилган.
Қонуннинг янги таҳририда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳамда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳаларидаги Палатанинг функциялари мустаҳкамлаб қўйилган.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларини, айниқса, уларнинг фаолияти шаклланаётган даврда қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратишга, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беришга, уларнинг устувор ролини ва дахлсизлигини таъминлашга, республика туманлари ва шаҳарлари аҳолисини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга кўмаклашади. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.
Мажлис давомида сенаторлар янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Қонунда ўсимликлар карантини соҳасини, Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати тизимини ва унга раҳбарлик қилишни тартибга солувчи умумий қоидалар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўсимликлар карантинига доир тадбирлар ва уларни амалга ошириш, мазкур соҳадаги ахборотнинг очиқлиги, карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш ва олиб чиқиш назарда тутилган.
Шунингдек, Қонунда ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат назоратини юритиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ташқи ва ички ўсимликлар карантини бўйича тадбирлар тизимини амалга ошириш, фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, ўсимликлар карантини соҳасида самарали мониторинг олиб бориш тизимини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўсимликлар карантини соҳасидаги ваколатларини назарда тутадиган нормалар билан тўлдирилган.
Ўзгартишларга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади, тегишли ҳудудда бу соҳада жамоатчилик назоратини амалга оширади, аҳолини ўсимликлар карантини объектлари тарқалганлиги ҳақида хабардор қилишда ўсимликлар карантини давлат инспекторларига кўмаклашади.
Сенаторлар қайд этганидек, мазкур Қонун ўсимликлар карантини соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, карантин хизмати фаолиятига замонавий хорижий технологияларни ва ишлаш усулларини жорий этиш, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси масъул ходимларининг мажбуриятларини аниқ белгилаш, шунингдек, дон, ўсимликлар, хомашё ва бошқа ўсимлик маҳсулотлари билан халқаро миқёсда савдо қилишда ўсимликлар касалликларини қўзғатувчилар, ёввойи ўтлар ва зараркунандалар ўтишининг олдини олиш мақсадида импорт ва экспорт қилувчи мамлакатларнинг тадбиркорлик субъектлари бажариши керак бўлган фитосанитария чора-тадбирлари ҳамда нормаларини мукаммал белгилаш орқали фитосанитар хавфсизликни таъминлашга доир тадбирларни амалга ошириш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини, жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, шунингдек, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қатор қонунларни ҳам кўриб чиқдилар. Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Ҳисоботда таъкидланганидек, прокуратура органлари томонидан 2017 йилда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, мамлакатда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, туман (шаҳар) прокуратураларида тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг шак-шубҳасиз ижросини таъминлаш мақсадида 386 та штат бирлиги миқдорида қўшимча прокурор ўринбосари ва ёрдамчиси лавозимлари жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Прокуратура органларининг ахборот-таҳлил фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишларнинг, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолини юз бераётган воқеалардан ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ташкил этилди.
Қонунийликни таъминлаш ҳолатини ва жиноятлар сонини таҳлил қилиш натижалари бўйича ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, ҳуқуқий нормаларни қўллашда нохолисликка йўл қўймаслик, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида 2017 йилда Бош прокуратура ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор қарорлари қабул қилинди.
Қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ прокурорлар томонидан ҳар йили ўз фаолияти ҳақида халқ депутатларининг тегишли Кенгашларига ҳисобот тақдим этиш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қонунийликни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳолати тўғрисида хабардор қилиш тартиби белгиланди.
Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар олиб боришга қаратилган қонунлар ижроси бўйича ўтказилган назорат тадбирлари натижасида фермер хўжаликларига 51,3 миллиард сўмлик кредит, 9,9 миллиард сўмлик иш ҳақи олишда ҳамда 5,8 миллиард сўмлик дебиторлик қарзини ундиришда, 375 та фермер хўжалигининг банкда ҳисоб рақамларини рўйхатдан ўтказишда ва очишда амалий ёрдам берилди. Назорат тадбирлари вақтида 15,5 минг гектар асоссиз берилган ёки ноқонуний фойдаланилаётган ерлар захира жамғармасига қайтарилди, ирригация ва мелиорация тадбирларини ўтказиш учун ажратилган 114 миллион сўм ҳамда 61,8 миллиард сўмлик иш ҳақи, кредитлар ва бошқа тўловлар талон-торож қилингани аниқланди. Айбдорлар жавобгарликка тортилди.
Назорат тадбирлари давомида 51260 та тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари, шу жумладан, 57 та ноқонуний аралашиш ҳолати ва 53 та ноқонуний текширув, 752 та ноқонуний қарор қабул қилингани аниқланди. 49 866 нафар тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва 2797 нафар тадбиркорнинг фаолияти тикланди.
Ҳисоботни эшитгач, сенаторлар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш зарурлигини қайд этдилар.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.
Қайд этилганидек, 2017 йилда Ҳисоб палатаси томонидан 70 га яқин таҳлилий ўрганиш ва назорат тадбири олиб борилди. Шундан 49 таси бевосита жойларда, қолганлари вазирлик ва идораларда ўтказилди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, 2018 йилги Давлат бюджети лойиҳасини ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқишда Ҳисоб палатаси томонидан таклифлар тайёрланган ва Молия вазирлигига тақдим этилган. Ушбу таклифлар асосида бюджет даромадлари прогнози 1,4 триллион сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинди. Давлат бюджетининг республика ва маҳаллий даражадаги шаклланиши ҳамда унинг ижроси юзасидан назорат ўрнатилиб, давлат маблағларининг қонуний, мақсадли, самарали сарфланиши бюджетдан молиялаштириладиган вазирлик ва идоралар мисолида ўрганиб чиқилди.
Назорат тадбирлари натижасида 37 миллиард сўмлик ва 7 миллион долларлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар ҳамда 270 миллиард сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланди.
Сенаторлар ҳисоботни эшитиб, Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан самарали, бюджет даромадлари манбаларидан эса тўлиқ фойдаланиш, жойлардаги секторлар раҳбарларининг иш фаолиятига баҳо бериш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг, Президент қарорлари ва фармойишларидаги топшириқларнинг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлигини таъкидладилар. Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органлари томонидан 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида вазирлик томонидан жамиятда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, тергов жараёнида гумон остида бўлган ва жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди.
Жорий йил бошидан буён олиб борилган ишлар натижасида содир этилган жиноятлар сонини 40,7 фоизга камайтиришга эришилди.
Шу билан бирга, кейинги вақтда ички ишлар органларининг тезкор-хизмат фаолияти жиноятчиликнинг эрта олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ишларига қаратилди. Ҳар бир хонадонни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни қисқа муддатда ҳал этиш бўйича кенг қамровли тадбирлар амалга оширилди.
Маҳаллаларда жиноятчиликнинг эрта олдини олишда ва аҳолида жиноятларнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим омил сифатида ҳар бир содир этилган жиноятни жамоатчилик билан муҳокама қилиш ва ҳар ойда аҳоли олдида профилактика инспекторлари томонидан ҳисобот бериш механизми йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, ёш оилалар орасида ажрашиш ҳолларининг олдини олиш, нотинч оилалардаги жанжалларни бартараф этиш бўйича мутахассислар иштирокида мақсадли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.
Профилактика инспекторлари Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаларига уланган замонавий мобиль смартфонлар билан таъминлангани уларнинг фаолиятини янада яхшилашда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Шу орқали уларга шубҳали шахсларни текшириш ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ягона базага жойлаштириш учун имконият яратилди.
Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш доирасида қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизликнинг ҳар қандай кўринишларига чек қўйиш мақсадида тергов изоляторларида ва терговчилар хоналарида сўроқ қилиш жараёнини стенографияга тушириш, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари жорий этилди.
Ички ишлар вазирининг ахборотини муҳокама қилиш чоғида сенаторлар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш борасидаги ички ишлар органларининг фаолиятида янги инновацион технологиялардан янада кенгроқ фойдаланиш тавсия этилди.
Сенаторлар таъкидлаганидек, ички ишлар органлари фаолиятининг тубдан яхшиланиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини муваффақиятли рўёбга чиқаришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Муҳокама якунлари бўйича қарор қабул қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн бешинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати