Қорақалпоғистон Республикаси туризм бошқармаси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Хўжайли тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида жорий йилнинг 17-18 май кунлари “Миздахкон — муқаддас ва сирли маскан” ёшлар халқаро фестивали ташкил этилди.

Фестивал доирасида “Маданий хабардорликни ошириш ва экологик барқарор туризмни ривожлантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздан ташқари АҚШ, Жанубий Корея, Ирландия, Туркия ва бошқа давлатлардан хорижий экспертлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Зарикеев ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, шу орқали хорижий сайёҳларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Халқаро илмий-амалий анжуманда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистон Республикасидаги доимий вакили Сара Ношади, AҚШ, Жанубий Корея, Ирландия, Туркия ва бошқа давлатлардан эколог ҳамда туризм бўйича экспертлар экология, атроф-муҳит ҳимояси, Оролбўйида туризмни ривожлантириш борасида ўз маърузалари билан иштирок этди.

Тадбир якунида агротуризм, экотуризм бўйича таклифлар умумлаштирилиб, фикр алмашилди. Томонлар ўртасида ҳамкорлик масалалари бўйича келишувларга эришилди. Иштирокчилар ТДИУ ҳамда Хўжайли туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари ва сертификатлар билан тақдирланди.

Фестивал доирасида “Тақия” қорақалпоқ миллий либослари кўргазмаси ташкил этилди. Унда республиканинг энг ёш ва иқтидорли 5 нафар дизайнери томонидан яратилган 100 га яқин миллий либос намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари томонидан қорақалпоқ миллий либослари ҳамда матоларини хорижда ҳам танитиш мақсадида кўргазмалар ўтказиш таклифи берилди.

Шу куни Қорақалпоғистоннинг таниқли санъат усталари иштирокида галаконцерт намойиш этилди.

Анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар Миздакхон тарихий мажмуасида бўлдилар.

Қарийб икки юз гектар майдонни эгаллайдиган бу қадимги қабристонларнинг баъзилари 2400 йиллик тарихга эга. Миздахкон — Марказий Осиё минтақасидаги энг қадимий ва энг йирик қабристонлардан бири. Қадим замонлардан бери бу жой муқаддаслиги ва сирлилиги билан кўплаб зиёратчиларни ўзига жалб қилган. Охирги дафнлар XIV асрга тўғри келади. Унинг ҳудудидаги Жумартқассаб тепалиги, Мазлумхон Сулунинг ер ости мақбараси ва Шамун Наби мақбараси, Гяурқалъа, Ережеп Халифа масжиди ва Мадаминхон мақбараси ва бошқа қабрлар фестивалнинг хорижлик қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири