Қорақалпоғистон Республикаси кардиология диспансерида Жанубий Кореянинг Сеул миллий университети Бундан госпиталининг малакали шифокорлари томонидан туғма юрак нуқсони бор болалар чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилди.

– Икки кун давомида 63 бола тиббий текширувдан ўтказилган бўлса, шундан 39 болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлиги маълум бўлди, – дейди профессор Сонг Ёнг Хванг. – Уларнинг икки нафарига Бундан госпиталида жарроҳлик ўтказилади. Ҳамкорликда ишлаш йўлга қўйилгандан буён ўтган тўрт йил давомида 8 бола Жанубий Кореяда жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Айни пайтда уларнинг аҳволи яхши. Ҳар сафар келганда болалардан хабар оламиз.

Кореялик шифокорлар томонидан ўтказилган тиббий кўрикдан аҳоли жуда мамнун.

– 2004 йилда туғилган ўғлим Аббосбек Бозорбоевни олиб келганман, – дейди Нукус шаҳрида яшовчи Тамара Бобониёзова. – Ўғлимни 2016 йилда Ҳиндистонда операция қилишган эди. Бугун кореялик шифокорлар текширувдан ўтказиб, операция муваффақиятли бўлганини, боламнинг соғлиғи яхшиланаётганини айтишди. Бундан жуда қувондим.

Жанубий Кореядаги етакчи ва замонавий даволаш марказларидан бири бўлган Сеул миллий университети Бундан госпитали аҳолига юқори даражадаги малакали ва технологик тиббий хизмат кўрсатиш баробарида талабалар, клиник ординаторлар учун ҳам таълим ва илмий-тадқиқот базаси ҳисобланади. Жанубий Корея газ корпорацияси ҳомийлигида Бундан госпитали шифокорлари 2014 йилдан буён Қорақалпоғистонда туғма юрак нуқсони бор болаларга тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА