Бугун пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2024” 26-халқаро анжумани ва 4-халқаро энергетика анжумани ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ  ва  “Iteсa Еxhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирларда Ўзбекистон, Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Испания, Италия, Қозоғистон, BAA, Хитой каби мамлакатлардан маҳаллий ва хорижлик экспертлар, ишлаб чиқарувчилар, ишбилармонлар қатнашмоқда.

Тадбир очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси бош операцион директори Абдулазиз Ал-Обаидли ва бошқалар мамлакатимизда ёқилғи-энергетика саноати ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, натижалар ва истиқболдаги режалар ҳамда бу жараёнда  халқаро тажрибаларни алмашишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш керакки, ёқилғи-энергетика сектори ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва фаровонлигининг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Энергия манбалари атрофида барча соҳаларнинг шаклланишига, шаҳарларнинг ўсишига ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшадиган кучли инфратузилма ривожланмоқда.

–“Яшил ўтиш” тизимини амалга ошириш учун кўп йиллик саъй-ҳаракатлар шароитида анъанавий энергия манбаларига талаб ҳали ҳам юқори бўлиб қолмоқда, – деди Энергетика вазирлиги бош мутахассиси Дилшода Рустамова. – Айтиш жоизки, Ўзбекистон раҳбарияти ёқилғи-энергетика мажмуасига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш драйвери сифатида устувор аҳамият бермоқда. Соҳани тубдан янгилаш ва ўзгартириш, янги ресурсларни қидириш ва разведка қилиш ҳамда мавжуд конлар фондидан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон энергетика ҳафталиги тадбирлари жаҳон тажрибаси ва билимларини илмий-инновацион таққослаш, соҳанинг энг янги ускуналари ва технологик ечимларини намойиш этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида, ҳафталик доирасида томонлар ўртасида англашув меморандуми ва шартномалар имзоланиши кўзда тутилган.

Тадбирда айтиб ўтилгани каби ушбу анжуманлар бозорнинг барча иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистон давлат тузилмалари ва бизнес ҳамжамияти вакиллари ўртасида самарали мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси бош операцион директори  Абдулазиз Ал-Обаидли ўз сўзида томонлар ўртасида ўзаро алоқалар аҳамиятига эътибор қаратди.

–Биз Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Масалан, 2019 йилда биз қуёш фотоэлектр станциясига сармоя киритган эдик, – деди у. – Ушбу станция 2021 йилдан буён фаол ишламоқда. Навоий вилоятининг Томди туманида компаниямиз томонидан 500 МВт қувватли шамол электр станцияси барпо этилмоқда. Ушбу станциянинг дастлабки 100 МВт қуввати ишга туширилган. Бу Марказий Осиёдаги энг йирик ва биринчи станция ҳисобланади. Бугун ўтказилган халқаро тадбир биз учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди. Иштирокчилар ўртасида ўзаро муносабатларни боғлашда бу каби анжуманлар муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро анжуманлар доирасида қатор панель сессиялар ўтказилмоқда. Уларда энергетика лойиҳаларининг инвестицион жозибадорлиги, рақамли трансформация, энергия тизимларини модернизация ва диверсификация қилиш, фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олишнинг янги йўналишлари, нефть-газ-кимё мажмуасини ўзгартириш, қайта тикланувчи энергия интеграцияси, ESG барқарорлик асослари каби мавзуларда тақдимотлар бўлиб ўтмоқда.

Ушбу халқаро анжуманлар ёқилғи-энергетика соҳасида тажриба, илғор практикалар ва стратегиялар алмашишни таъминловчи ноёб бизнес платформадир. Мазкур анжуманлар натижалари иқтисодиётнинг ушбу муҳим секторида инновацион ечимлар ва стратегик ҳамкорликни шакллантиришга ёрдам бериб, барқарор ва самарали  ривожлантиришда ўз натижасини кўрсатади.

 

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА