Билим ва матонат синови

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маданият саройида 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Энг фаол ёш ички ишлар органи ходими” кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди.

Танлов низомига кўра, дастлаб иштирокчилар 100 метр масофага югуриш, тўсинда тортиниш ва қўл жанги усуллари бўйича синовлардан ўтди. Ёш ходимларнинг билим савияси, касбий маҳорати, чет тиллари ва ахборот-коммуникация технологияларини қай даражада билиши текширилди. Тизим фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги таклифлари, инновацион ғоялари, қонунчиликдан хабардорлиги, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлари ва ўқиган бадиий асарлари бўйича тушунчалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Мусобақада Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси юридик таъминлаш бўлинмаси бошлиғи лейтенант Улуғбек Омоновга тенг келадигани топилмади. Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси катта тезкор вакили майор Баҳром Боймуродов – иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги юридик таъминлаш бўлинмасининг катта юрисконсульти капитан Аҳмед Ғаниев эса учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Танлов ғолиблари ҳамда фаол иштирок этган ёш ходимларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Абдулазиз Мусаев, Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА