Мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг турларини кўпайтириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан халқаро тажриба ўрганилиб, хорижий ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ўрнатилмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг «MG PRIME GROUP« вакиллари билан учрашувидан ҳам ана шу мақсад кўзланди. «Тошкент Фарма Парк» кластери ҳудудида янги лойиҳани ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.

«MG PRIME GROUP» корхонаси вакиллари томонидан янги лойиҳа тақдимот қилиниб, республикамизда йирик хорижий корхоналарнинг фармацевтика соҳасида дистрибюторлик фаолиятини ташкил этиш режалаштирилгани билдирилди.

Шунингдек, А.Азизов мамлакатимизда Pharmaceutical Inspection Co-operation Scheme (PIC/S)ни амалга ошириш истиқболларини муҳокама этиш мақсадида PQM+ ва PIC/S халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашди. Мақсад юртимизда ишлаб чиқарилаётган фармацевтик маҳсулотларнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашдир.

PIC/S яъни «Фармацевтик инспекция соҳасида ҳамкорлик схемаси» халқаро талабларга асосланган фармацевтик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ташқи назорат соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи ташкилот ҳисобланади.

Учрашув давомида томонлар ҳамкорлик истиқболларини, инспекцияларнинг назорати ва тавсифлаш жараёнларини оптималлаштириш ва саноатда давом этувчи ислоҳотларнинг ривожланишини таъминлаш имкониятларини муҳокама қилди. Ушбу дастур фармацевтика маҳсулотларининг сифат текширувини юқори стандартга кўтаришга қаратилган.

Ҳамкорлик учрашувларининг яна бири Ҳиндистоннинг «Religare Enterprises Limited (REL)» инвестицион ва молиявий холдинг компанияси вакиллари билан бўлди.

Учрашув аввалида Агентлик директори юртимиз фармацевтика бозорининг жорий ҳолати ҳақида маълумот бериб, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини кўриб чиқиш учун энг истиқболли йўналишларни қайд этди. Ўзбекистон фармацевтика саноатининг бугунги ҳолати, соҳага инвестиция киритиш шартлари, юртимизда хорижий компанияларга яратилган имкониятлар, енгиллик ва имтиёзлар масалаларига тўхталиб ўтди. Компания вакиллари Ўзбекистон фармацевтика соҳасига сармоя киритиш, шериклик ҳамда ўзаро фойдали ва манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилганини маълум қилди.

Шунингдек, учрашув давомида ҳамкорлик истиқболлари ва Ўзбекистонда бизнес имкониятлари муҳокама қилинди.

Агентликда ўтказилган «LEKINTERKAPS« корхонаси вакиллари билан учрашувда эса корхона томонидан «Тошкент Фарма Парк» кластери ҳудудида янги лойиҳани ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.

«LEKINTERKAPS« корхонаси мутасаддилари янги лойиҳа ҳақида маълумот берар экан, республикамизда импорт ўрнини босувчи, инфузия, таблетка, сироп дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилганини билдирди. Таъкидланишича, лойиҳа доирасида 190 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Маълумот учун: «LEKINTERKAPS» корхонаси Ўзбекистонда 2011 йилдан буён фаолият юритади. Ҳозирги кунга келиб, корхона томонидан 36 турдаги биологик фаол қўшимчалар ҳамда 43 хил турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилади. Корхонада бугунги кунда 84 нафар ходим фаолият юритмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА