Мамлакатимизда ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни доимий иш билан банд қилиш, қўшимча даромад олиши учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, жойларда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси лавозимларининг жорий этилиши маҳаллада камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Чойкул” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Арслон Тажиддинов бир неча йилдан буён чорвачилик билан шуғулланиб келмоқда. Ўз меҳнати билан кўпчиликка намуна бўлаётган ёш чорвадор овул фуқаролар йиғини масъуллари томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Арслон билан суҳбатлашар эканмиз, ёш бўлишига қарамай, меҳнатдан қочмайдиган, барча ютуқларига фақатгина тинимсиз меҳнат ва ҳаракати орқали эришаётганининг гувоҳи бўлдик. У акаси билан биргаликда 2015 йилдан чорвачилик билан шуғулланишни йўлга қўйган. Ака-уканинг машаққатли меҳнати натижасида 3 бош қорамол сони бугунги кунда 31 бошга етди.

Арслоннинг айтишича, чорвачилик орқасидан акасига икки қаватли иморат қуриб бериб, рўзғорини алоҳида қилган. Шунингдек, “Gentra” русумли автомобиль сотиб олган. 10 йилга яқин вақт мобайнидаги фаолияти натижасида чорвачилик сир-асрорларидан яхшигина хабардор чорвадор бўлиб етишган Арслон оиласидан узоққа –чет давлатга бориб ишлаб, пул топиш, шу орқали рўзғор тебратиш заруратини сезмагани, ўз юртимизда ҳам меҳнат қилиб, яхши даромад топиш учун етарли имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

–Ҳар бир касбнинг ўзига хос завқи ва қийинчиликлари бор, – дейди ёш тадбиркор Арслон Тажиддинов. – Ёш, зотдор қорамолларни харид қилиб, вазнини 400-500 килограммгача етказиб гўштга топширамиз. Бу алоҳида меҳнатни талаб қилади. Вақтида парвариш қилмасанг, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Шунинг учун ҳар куни иш билан бандман. Бу ишда бўш вақтларида акам ҳам ёрдам беради.

Меҳнат қилган, изланган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Бугунги кунда ҳовлисида қорамол, қўй-қўзи, парранда, қуён боқишга барча имкониятлар яратилганига қарамасдан, гўштни ҳам, сутни ҳам, ердан чиқадиган бошқа маҳсулотларни ҳам бозордан сотиб оладиганлар, афсуски, учраб туради. Ўзининг тинимсиз меҳнати билан яхши натижага эришиб келаётган Арслон каби ёшларнинг сафи кенгайса, бозорларимизда маҳсулот кўп, нарх-наволар арзон, дастурхонимиз эса тўкин-сочин бўлади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео),

ЎзА мухбирлари