6.jpg
 
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан пойтахтимизда веломарафон ўтказилди.
Ўзбекистон Велоспорт федерацияси ташаббуси билан ўтказилган бу галги веломарафон бошқа мусобақалардан ўзгача фарқ қилди. Ноанъанавий тарзда ўтказилган мусобақага мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ журналистлари бевосита мусобақа иштирокчиси сифатида таклиф этилдилар.
Ўзлариниг касб байрамлари арафасида ташкил этилган ушбу веломарафонда 20 дан зиёд оммавий ахборот воситаларининг 40 нафарга яқин журналистлари ўз маҳоратларини кўрсатдилар.
Журналистлар ўртасида ўтказилган мазкур мусобақа икки босқичда бўлиб ўтди. Дастлаб хотин-қизлар 4 км. масофага беллашган бўлсалар, эркаклар эса 6 км. масофага ўзаро куч синашдилар.
Веломарафонда аёллар ўртасида 1- ва 2-ўринни “Sport” телерадио канали ходимлари Лобар Саидова ва Чарос Ғайратова эгаллашган бўлса, шоҳсупанинг 3-поғонаси “Uzreport TV” телеканали ходими Азиза Розмуродовага насиб қилди.
Эркаклар баҳсида эса 1-ўринни qalampir.uz сайти ходими Окан Караяс қўлга киритган бўлса, 2- ва 3-ўринларни Шаҳбоз Шаропов ҳамда Айюбхон Зиннуров (qalampir.uz) эгалладилар.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирландилар.

 

Назокат Ражабова, ЎзА