Замонавий технологиялар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланаётган даврда интернетнинг ривожланиши ахборот олиш ва узатиш маданиятини тубдан ўзгартирди. Бу эса медиа соҳасида янгича йўналишлар пайдо бўлишига замин яратди.

Онлайн медиа ривожланган ҳар қандай жамият ўз олдига медиага оид бир қатор муаммолар ва уларнинг ечимларни илмий жиҳатдан ўрганиб, уни амалиётда татбиқ этиши муҳим саналади.

Дарҳақиқат, онлайн медианинг тезкорлиги, аудиториясининг кўплиги ва таъсир доирасининг кенглиги анъанавий медиани ортда қолдирмоқда.

Бугун Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида «Онлайн медиа тараққиёти тенденциялари: муаммо ва ечимлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Университетнинг Интернет журналистика ва медиа-менежмент факультети томонидан офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган мазкур конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов ўз маърузасида интернетнинг жамиятда тутган ўрни, унинг оммага таъсири, ахборотдан тўғри фойдаланиш усуллари ҳақида ЎзА мисолида фикрларини билдирди.

Конференцияда глобал тармоқларнинг ривожланиш босқичлари ва янгича йўналишлари хусусида сўз юритган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа онлайн медиа тараққиёти тенденциялари, муаммо ва ечимлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари журналистлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда республикамиздаги соҳага оид бошқа олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари иштирок этган тадбирда онлайн медианинг ривожланиш тенденциялари атрофлича муҳокама қилинди, шунингдек, иштирокчилар томонидан таклиф-тавсиялар берилди.

Марҳабо Мадаминова, Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА