Ҳаводаги хавфли майда PM 2,5 зарралари инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади. Бу хавфли зарра инсонларнинг нафақат нафас олиш тизимига, балки юрак қон томирлардаги хасталикларга ҳам сабаб бўлади.

Бу маълумотлар америкалик профессор Жей Тёрнер билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтилди.

Куни кеча АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида Сент-Луисдаги Вашингтон университетининг таълим бўйича декан ўринбосари ҳамда Жеймс Маккелви номидаги муҳандислик бўлими профессори Жей Тёрнер журналистлар билан учрашув ўтказди.

Ж.Тёрнер Гарвард университети илмий ходими бўлиб, AҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг илмий маслаҳат кенгаши аъзосидир.

Учрашувни AҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник очиб, ҳаво тозалиги барча давлатлар учун жуда муҳимлиги, инсонлар саломатлигига алоқадор масала эканлигини таъкилади.

Атроф муҳит ва ҳаво мусаффолигини таъминлашда фақатгина ҳукуматлар эмас, барча фуқаролар ва жамоат бирлашмалари масъулиятни ошириши лозим. Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда айни мавзуда кенг муҳокамалар ва тарғибот  ишлари олиб борилмоқда. Бу бир кун келиб самарали натижасини беради.

Профессор Ж.Тёрнернинг қайд этишича, ҳаво ифлосланишининг асосий сабаблари табиий ва антропоген, жумладан, инсон фаолияти натижасида атмосферага чиқадиган чанг зарралари ва зарарли моддалардир. Ҳаво ифлосланиши даражасини аниқлаш доимо шаффоф бўлиши керак.

Aтмосфера ҳавосида тарқалган PM 2,5  зарраларининг юқори концентрацияси инсон саломатлигига салбий таъсир қилади. Бу эса инсон умрини қисқартиради. Қолаверса, ҳаводаги яна бир хавфли зарра PM 1 кичикроқ бўлсада, инсоннинг ички органларида тўпланиб, жиддий касалликларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир давлат аввало, ўз аҳолиси саломатлиги учун масъулиятни зиммасига олиши керак.

2018 йилда AҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳудудида ҳаво сифатини ўлчайдиган махсус аппарат ўрнатилди. Бу орқали таҳлиллар ҳар куни олиб борилади. Ушбу мониторинг тизими ҳар 53 дақиқада янги баҳолаш натижаларини чиқаради. Ускуналар бевосита Вашингтон серверларига уланган ва инсон омилисиз натижаларни  аниқлайди. Бундай мосламалар АҚШнинг деярли барча мамлакатлардаги элчихоналари ҳудудида ўрнатилган.

Олим Ж.Тёрнер Тошкент ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбаларга тўхталиб ўтди. Жумладан, пойтахтдаги ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалар табиатан антропогендир. Афсуски, олимлар ҳали бу муаммони тўлиқ тушуна олишмаган. Ўзбекистон Экология вазирлиги бу масалани биринчи ўринга қўйиши ва ҳаво ифлосланишининг турли манбалари таъсирини миқдорий баҳолаш устида иш олиб бориши керак.

-Шу ўринда эътироф этиш керак, Ўзбекистонда ҳаво тозалигини ўлчайдиган мониторлар кўпайтирилди. Нафақат Тошкентда, балки бошқа шаҳарларда ҳам бундай мосламаларнинг ўрнатилганлиги ижобий ҳолатдир. Бу йўналишдаги муаммолар ечимида ҳақиқий фан, илмга таяниб, шунга асосланган қарорларни қабул қилиш жуда муҳим. ОАВ вакиллари ва фуқаролик жамияти институтлари бу масалаларни ҳал этишда муҳим рол ўйнайди, – дея қўшимча қилди олим.

Профессор Тошкент ҳавоси нима учун аксарият қиш ойларида ифлосланиб кетиши ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарди:

-Тошкентда қишда ҳаво сифати ёмонроқ ва ёзда тозароқ кўринади. Чунки қишда ҳаво бир жойда узоқ вақт туриб қолади, яъни “турғунлашади” ва чиқиндилар атмосферада кўпроқ вақт қолиб кетади. Бу босим билан боғлиқ. Шуни айтиб ўтиш керак, Ўзбекистонда чўл чанги бор, бу айниқса ёз ва кузнинг бошларида сезилади. Аммо ушбу чанг умумий PM 2,5 нинг 25-35 фоизини ташкил қилади. Демак, ҳаво ифлосланишида антропоген омиллар устунлик қилади.

Олимнинг айтишича, АҚШ турли географик манбаларга эга давлат. Мамлакатнинг турли шаҳарларида ҳавонинг ифлосланиш сабабларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш аниқ стратегияларни ишлаб чиқишга ёрдам берган. Шундан келиб чиқиб, ҳаво сифатини ҳисобга олган ҳолда, миллий стандартлар ўрнатилган. Натижада, мамлакатнинг турли ҳудудларида муаммони ҳал қилишда турлича ёндашувлар пайдо бўлди. Хусусан, миллий талаблардан бири барча янги автомобиллар учун маълум даражадаги тозаликни таъминлаш зарурати эди.

Суҳбат давомида олим атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича очиқ маълумотларнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Учрашув сўнгида элчихона худудида ўрнатилган  ҳаво сифати сенсорининг ишлаш жараёни журналистларга таништирилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА