Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “WikiStipendiya жамоавий марафони: мақсад ва кутилаётган натижалар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Марафон Жаҳон интернет тармоғида ўзбек тилидаги сифатли маълумотларни кўпайтириш ҳамда талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Анжуманда Ёшлар ишлари агентлиги директорининг Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Меҳриноз Аббосова “WikiStipendiya”нинг имкониятлари ҳусусида тушунчалар берди.

Маълумки, интернет тармоқларида википедия кўп тилли, эркин, интернет энциклопедияси ҳисобланиб, у кўнгиллилар жамоаси томонидан очиқ ҳамкорлик асосида юритилади. Википедия бугунга келиб, энг катта ва энг кўп мурожаат қилинадиган маълумотлар манбасига айланган.

Маълумот жойлашнинг афзалликларидан бири бу ахборотнинг барча тилларга уланишидир.  Бу борада “WikiStipendiya” лойиҳаси самарали кўмак беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги “2024-2025 йилларда Интернет жаҳон ахборот тармоғида ўзбек миллий контентини янада ривожлантириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини, давлат тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўзбек тилидаги сифатли маълумотларни кўпайтириш ҳамда иқтидорли талабаларни муносиб рағбатлантириш мақсадида “WikiStipendiya” жамоавий марафони йўлга қўйилди.

Лойиҳа Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Республика ёш ижодкорлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Жамоавий марафон 2024 йилнинг 1 майидан 1 декабрига қадар давом этади. Унда марафон низомида белгиланган тартибда шаклланган барча жамоалар қатнашиши мумкин.

Ғолиб гуруҳларга пул мукофотлари берилади. Жумладан, 1-ўрин 150 миллион сўм, 2-ўрин 125 миллион сўм, 3-ўрин 100 миллион сўм миқдорида бир марталик стипендия билан тақдирланиши кўзда тутилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА