Шу кунларда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва тадбиркорларидан иборат делегация Хитойнинг бир қатор провинцияларида бўлиб, ўзаро тажриба алмашмоқда.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Шунқор Худойбердиев, фермер ва тадбиркорлар “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасида полиз ва сабзавот саноатини ривожлантириш бўйича ўтказилаётган кўргазмада қатнашди.

Таъкидлаш лозимки, охирги уч йил ичида Самарқанд вилоятининг Хитой давлати ҳудудлари билан товар айланмаси қарийб уч баробарга ёки 170 фоизга ошди. Жумладан, 2023 йил якуни билан бу кўрсаткич 703,9 миллион долларни ташкил этди. Хитой давлатидан Самарқанд вилоятига киритилган хорижий инвестициялар эса қарийб 4 баробарга ёки 292 фоизга ошди (2023 йил якуни билан 393,6 миллион доллар).

Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. ФАО маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича 1,2 миллиард тоннадан ортиқ сабзавот маҳсулотлари етиштирилган бўлиб, унинг 898,2 миллион тоннаси Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Республикамизда ҳам йилига ўртача 8,5 миллион тоннага яқин сабзавот маҳсулотлари етиштирилади.

Кўргазмада Самарқандда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ тақдимотлар ўтказилди.

– Самарқандда хорижий инвесторларга  қўшма бизнесни ривожлантириш учун махсус қулай инвестиция муҳити ва инфратузилма яратилган, – деди вилоят ҳокими ўринбосари Шунқор Худойбердиев. – Хусусан, биз хитойлик тадбиркорлар билан логистика, электротехника, кимё, фармацевтика, замонавий қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз. Бугунги кунда вилоятимизнинг Тойлоқ, Самарқанд, Жомбой, Булунғур ва Оқдарё туманлари мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган. Бу ҳудудларда 40 дан ортиқ сабзавот  турлари экилмоқда. Эндиликда биз инсон саломатлиги учун қимматли хусусиятларга эга бўлган ва жаҳонда талаб юқори бўлган ноанъанавий сабзавот экинлари, доривор ўсимликлари экишни йўлга қўйишга эътибор қаратяпмиз. Хусусан, ҳозир спаржа, бамия, мангольд, артишок, батат, Брюссель карамини ўзимизнинг тупроқ-иқлим шароитида етиштириш технологияси ишлаб чиқилиб, бу маҳсулотлар ички бозор ҳамда хорижга сотилмоқда.

Хитойга сафар давомида Самарқанд вилояти делегацияси Чжэцзян ва Цзянсу провинцияларининг бир қатор шаҳарларида жойлашган саноат зоналари фаолияти билан ҳам танишади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири