Аввал хабар қилганимиздек, Термиз шаҳрида транспорт идоралари раҳбарлари, экспедиторлик компаниялари ва бизнес вакиллари иштирокида Ҳинд океани портларига чиқиш учун «Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» мультимодал транспорт йўлагини ривожлантириш юзасидан кўп томонлама халқаро учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Беларусь транспорт ва коммуникация вазирининг биринчи ўринбосари Валерий Веренеч, Россия Федерацияси транспорт вазири ўринбосари Дмитрий Зверев, Афғонистон транспорт вазири Ҳамидулла Охунзода офлайн, Покистон темир йўллар вазири ўринбосари Али Шах Сайид Мазхар ва Қозоғистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Максат Калиакпаров онлайн иштирок этди.

Учрашувда «Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» мультимодал транспорт йўлагини ривожлантириш ўзаро товар айирбошлаш кўламини ошириб, қуруқлик йўлаклари бўйлаб халқаро юк ташиш ҳажмини кўпайтириш, МДҲ, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг Евроосиё глобал транспорт-логистика тизимидаги ролини кенгайтиришда яхши самаралар бериши таъкидланди. Турли транспорт компаниялари ва бизнес тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратиб, транспорт йўлакларини оптималлаштириш ва логистика жараёнларини такомиллаштириш қайд этилди. Ўтмишда ҳам Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим кўприк вазифасини ўтагани ҳақида фикр алмашилди.

Соҳа мутасаддиларининг фикрича, даврлар ўтиши билан турли тарихий жараёнлар сабабли бу алоқалар анча сусайиб қолган. Ҳозирги геосиёсий мураккаб шароитда Афғонистон орқали ўтувчи Трансафғон транспорт коридорини амалга ошириш транспорт саноати ва транзит йўлакларни ривожлантиришнинг тамомила янги истиқболларини белгилаб беради.

Президент Шавкат Мирзиёев ғояси билан минтақамизнинг транспорт салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиб, ривожлантириш бўйича йирик ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, “Хитой– Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси ва бевосита Покистон портларига чиқиш ташаббуси транспорт логистика тармоғини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Трансафғон темир йўл лойиҳасини ишга тушириш ҳам соҳа учун янги имкониятларни тақдим этади. Бу лойиҳа якунига етгунча, Афғонистон орқали юк ташувларни фаоллаштириш учун мультимодал ташувларни амалга ошириш ўз самарасини беради.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам транспорт транзит имкониятларини ривожлантириш, халқаро логистика коридорларига интеграциясини чуқурлаштириш ва бу орқали миллий иқтисодиётимизни янги босқичга кўтариш белгиланган.

Айтиш лозимки, ўтган йили ноябрда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи транспорт форумида Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган Ҳинд океани портларига чиқиш учун «Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» халқаро транспорт йўлагини яратиш ва ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. Муҳим келишув қоидаларини амалга оширишга қаратилган дастлабки учрашувда иштирокчи давлатлар делегацияси аъзолари янги коридор аҳамиятини юқори баҳолади.

– Бугунги тадбир «Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон» халқаро транспорт йўлагини яратишга йўналтирилган янги лойиҳа бўлгани билан ҳам жуда аҳамиятли, -дейди Беларуссиядаги “БТЛЦ” давлат корхонаси бош директори Сладкевич Андрей. – Бу йўлак нафақат юкларни ташишда тадбиркорларга катта қулайлик беради, балки барча иштирокчи давлатлар транспорт-логистика имкониятларини ҳам кенгайтиради.

– Бу лойиҳа афғон ишбилармонлари учун юкларни ташишга қатор қулайлик яратади, – дейди афғонистонлик тадбиркор Хожи Нижобат Хайдари. – Биз бундай имконият учун ўзбек қўшниларимиздан жуда миннатдормиз. Юк ташувларимиз кенгайтирилаётгани лойиҳада иштирокчи барча давлатларга наф келтиради. Тадбиркорлик ривожланади. Мана, Термизга катта ҳажмдаги мандарин, картошка келтиряпмиз. Бу ёқдан пиёз, ловия каби табиий озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кетмоқдамиз. Янги коридор иштирокчи бошқа давлатлар билан ҳам савдо алоқаларимизни ривожлантиришига ишонамиз.

Мутахассисларнинг айтишича, ўтган йили трансафғон йўлаги орқали бир миллион тоннадан ортиқ юк ўтган. Термизда ташкил этилган учрашув ҳам халқаро мультимодал транспорт йўлагини МДҲ давлатларини Ҳинд океани ҳавзаси мамлакатлари билан Жанубий Осиё орқали боғлайдиган муҳим стратегик коридорга айлантиришга хизмат қилади.

– Мультимодал коридорни яна ҳам ривожлантириш учун бу йўлакдан ўтувчи, яъни юк йиғиладиган лойиҳа иштирокчилари бўлган мамлакатларнинг давлат ва хусусий сектор вакилларини бир жойда бирлаштириб, ундан ҳаракатланишда мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ечимини топишга кўмаклашиш мақсадида учрашув ташкил этдик, – дейди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази директори Беҳзод Холматов. – Трансафғон йўлаги илгари ноқулай коридор ҳисобланган бўлса, эндиликда у ишончли ва қулай йўлакка айланмоқда.

Учрашувда қатнашган транспорт соҳаси раҳбарлари ўтган даврда ўзларида амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Масалан, Афғонистон транспорт вазири хавфсизликни таъминлаш юзасидан олиб борилган ишларни қайд этди. Покистон портларида юкларни қабул қилиш, етказиб бериш борасидаги ишлар тақдим этилди. Биз ҳам Беларусь, Россия, Қозоғистонда йиғиладиган юкларни Ўзбекистон орқали Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга транзит етказиб бериш имкониятларимизни, экспорт салоҳиятимизни кўрсатиб бердик.

Тадбир доирасида B2B, G2B форматидаги учрашувлар ташкил этилиб, тадбиркорларга минтақавий юк ташишда юзага келаётган муаммо ва камчиликлар муҳокама этилди.

Меҳмонлар “Термиз” халқаро савдо марказида яратилаётган қулайликлар ва «Termez Cargo Centr» марказида юкларни қабул қилиш, сақлаш, жўнатиш бўйича мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишди.

Тадбирда Президентимизнинг Афғонистондаги махсус вакили Исматулло Эргашев иштирок этди.

Учрашув якунида томонлар ўртасида  «йўл харитаси» имзоланди. Унда  юк ташувларини ривожлантириш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга ошириш белгиланган.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири