Куни кеча хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Унда йўл-ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини янада такомиллаштиришга қаратилган масалалар кўзда тутилган.

Аммо ижтимоий тармоқларда лойиҳадаги айрим нормалар нотўғри талқин қилиниб, «Фото ва видеорадарлар орқали аниқланган қоидабузарликлар ҳақидаги маълумотлар 48 соат ичида келмаса, ҳайдовчи жавобгарликдан озод бўлади», мазмунидаги хабарлар тарқалди.

Лойиҳада кўзда тутилаётган шу ва бошқа масалалар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ушбу қонун лойиҳасига масъул бўлган депутати Шерзод Тўхташев билан боғландик.

– «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси билан фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолат муайян қисқа муддат давомида қарор қабул қилинмаган тақдирда, ҳуқуқий оқибатини келтириб чиқармаслиги белгиланмоқда, – дейди депутат. – Яъни, фото ва видеорадарлар ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг маъмурий амалиёт бўлинмаларига тақдим этишнинг аниқ муддати белгиланмаганлиги ушбу ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий баҳо беришда тушунмовчиликлар ва сансалорликларга сабаб бўлаётгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Қонун лойиҳаси билан мазкур муаммога ҳуқуқий ечим берилиб, фото ва видео қайд этиш техника воситалари ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни ваколатли мансабдор шахсга тақдим этишнинг 48 соатлик аниқ муддати белгиланмоқда. Эътиборлиси, ушбу муддатни бузган ҳолда тақдим этилган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар бўйича маъмурий жазо қўлланилмасдан, балки иш юритишни тугатиш тартиби белгиланмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, киритилаётган ўзгартиришларни турлича тушунаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қиляпти. Яъни, айрим юртдошларимиз бу ўзгартиришни «қоидани бузганлик ҳақидаги хат ҳуқуқбузарга 2 кундан кечикиб келса, маъмурий жазодан озод бўлади» мазмунида тушунмоқда.

Оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, эндиликда камераларни ўрнатган тадбиркор йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги ҳақидаги маълумотни масъул идораларга (яъни, ҳуқуқбузарга эмас) 48 соат ичида юбормаса, мазкур маъмурий иш автоматик равишда тугатилади. Тадбиркор юборган фото ёки видеомаълумотларни бирма-бир кўриб чиқиб, тегишли хулосани чиқариш ва лозим топилса, маъмурий баённомани расмийлаштириш учун эса масъул идорага кўпи билан 15 кун муддат берилади. Маъмурий баённома узоғи билан 17 кун ичида расмийлаштирилиши керак бўлади.

Шунингдек, ҳозирги кунда тез тиббий ёрдамга ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматларига муҳтож фуқароларимизга ушбу ёрдам ва хизматларни зудлик билан ва сифатли кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситаларининг ҳайдовчилари катта тезликда ёки йўл белгиларига риоя этмай ҳаракатланишларига ва бошқа йўл ҳаракати қоидаларини бузишларига тўғри келмоқда. Бундай ҳолатлар автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалар орқали қайд этилмоқда. Масалан, 2023 йилда ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан 216 та ҳуқуқбузарлик фото ва видеорадарларда қайд этилган ва ҳайдовчиларига жарима солинган.

Мазкур ҳолатда ушбу органлар томонидан хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина, уларга нисбатан юритилган маъмурий иш тугатилаётган эди. Бу эса ортиқча қоғозбозлик ва бюрократияни келтириб чиқараётганди. Ўз навбатида, бундай мураккаб жараён тез тиббий ёрдам ходимларининг ўз хизмат вазифаларини тўлақонли амалга оширишига тўсқинлик қилиши билан бирга, уларнинг белгиланган манзилга вақтида етиб боролмаслигига, энг ачинарлиси, одамнинг ҳаёт ва соғлиғига таҳдид солаётган эди. Эндиликда қонун лойиҳаси билан тез тиббий ёрдамга ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматлари томонидан хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этиш тартиби бекор қилиниб, уларга нисбатан юритилган маъмурий ишларни тўғридан-тўғри иш юритишдан тугатиш тартиби белгиланмоқда, – дейди Шерзод Тўхташев.

Дарҳақиқат, қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айрим фуқаролар томонидан талқин қилинаётганидек, фото ва видеорадарларда қайд этилган қоидабузарликларга оид маълумотлар фуқарога эмас, балки масъул идораларга 48 соат ичида юборилмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш тугатилади.

 

Муҳтарама Комилова тайёрлади. ЎзА