Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Сеул шаҳрида «Uzbekistan Outsourcing Conference» тадбири ўтказилди.

Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда АКТ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, IT компаниялар учун яратилган шарт-шароитлар, жорий этилган имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, IT соҳасидаги кўплаб йирик хорижий компаниялар ўз фаолиятларини Ўзбекистон IT Парк резиденти сифатида юритиб, яратилган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда экспорт ҳажмини кескин ошираётгани, бундай ҳаракатлар Ўзбекистонда ёшлар учун юқори маошли иш ўринларидан далолат эканини таъкидлади.

Шунингдек, Жанубий Корея Республикаси хавфсизлик ва давлат бошқаруви вазирининг биринчи ўринбосари сифатида 2012 йилгача ишлаган Ким Нам Сеок сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари икки давлат учун ҳам манфаатли эканини эътироф этди.

Таъкидлаш жоизки, жаноб Ким Нам Сеок 2013-2017 йилларда Ўзбекистонда АКТ вазирининг ўринбосари бўлиб фаолият юритган биринчи чет эл фуқаросидир. У Корея тажрибаси асосида электрон ҳукуматнинг юртимизда ривожланишига ҳисса қўшган.

Тадбир давомида ўз экспорт салоҳиятини янада ошириш истаги билан ташриф буюрган, IT Паркнинг 10 дан ортиқ резидентлари ҳамда уларнинг хизматларига қизиқиш билдирган компания раҳбарлари ўртасида B2B учрашувлар ташкил қилинди.

Тадбир якунида юртимиздаги IT ва хизмат кўрсатиш соҳасига қизиқиш билдираётган корхона раҳбарлари учун IT Парк резидентларининг хизматларини кўпроқ ёритиб бериш, Ўзбекистондаги мавжуд имкониятларни Жанубий Корея ва Осиё давлатларида янада ёритиш ва 2030 йилга келиб 5 млрд. АҚШ доллари экспорт ҳажмига чиқиш учун Корея ҳукумати, вазирлик ва IT Парк ўртасида алоқаларни кучайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунига кўра, Ўзбекистонга Кореянинг 10 дан ортиқ АКТ соҳасида фаолият юритаётган корхоналарининг кириши ва юртимизда ўз шуъба корхоналарини очиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, вазир Шерзод Шерматов хизмат сафари давомида Кореядаги ватандошлар билан учрашди.

Учрашув Ўзбекистон Республикасининг Кореядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди ва унда 50 дан ортиқ ватандошлар иштирок этди.

Учрашув якунида савол-жавоблар ташкил этилди. Унда иштирокчилар билан Ўзбекистонда IT соҳасида сўнгги йиллар давомида яратилган имкониятлар, шу жумладан, стартаплар экотизимини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, давлат томонидан ажратилаётган субсидиялар, шунингдек, IT хизматлар экспортини ошириш борасида ҳамкорлик йўналишларида фикр алмашилди.

 

Н.Раҳмонова, ЎзА