Тошкентда «Самарали бошқарув – Ўзбекистонда давлат бошқаруви салоҳиятини қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси ҳамда «Стратегик режалаштириш ва ходимларни давлат хизматига жалб қилиш» мавзусида семинар машғулотлари ўз ишини бошлади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идораларнинг инсон ресурсларини ривожлантириш бўлинмалари ходимлари иштирок этмоқда.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – давлат хизматчилари билим ва кўникмасини ошириш, давлат хизматини ривожлантиришга оид стратегиялар аҳамиятини етказиш, кадрлар фаолиятини режалаштиришда илғор тажрибалар билан бўлишишдир.

Семинарда хорижий экспертлар давлат хизматида қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш, инсон ресурсларини бошқариш каби мавзуларда назарий ва амалий тажрибалари ҳақида фикр алмашади.

Айтиб ўтиш керакки, инсон ресурсларини бошқариш (Human Resources Management – HRM, ёки HR) ташкилотнинг ходимларни ишга ёллаш, бошқариш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган ички сиёсати ёки ички комплекс функцияси ҳисобланиб, инсон фаолиятига таъсир қилувчи барча жараёнлар ва дастурлар HRнинг бир қисмидир.

Мутахассислар фикрига кўра, HRнинг асосий стратегик функциялари корхона ва бизнес стратегиясини мувозанатлаш, ташкилотдаги жараёнларнинг реинжиниринги, ташкилот ходимлари билан ўзаро ахборот алоқаси, ўзгаришларни бошқаришдир. HR менежери ташкилий етакчилик ва бошқарув маданияти мониторинги учун жавобгар ҳисобланади. HR маконда фарқ қилиши мумкин бўлган бандлик ва меҳнат қонунларига риоя қилишни таъминлайди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, умумий ва хусусий инсон салоҳиятини шакллантириш механизмлари етарли даражада ишлаб чиқилса, инсон капитали ва ресурслари даражаси ўсади ва ташкилотнинг рақобатбардошлиги ортади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА