Ўзбекистон учун яқин қўшни мамлакатлар билан ўзаро дўстона муносабатни янада мустаҳкамлаш ташқи сиёсатдаги муҳим йўналишлардан биридир. Тожикистон эса бу жараёнда мамлакатимизнинг географик ва қадриятлар нуқтаи назаридан ажралмас қўшниси. Икки халқнинг кундалик турмуш тарзи, меҳр-оқибати, урф-одатлари бир. Бугун бу дўстлик янгича форматда давом этаётгани кишини қувонтиради.

Бугун икки давлат Президентларининг дўстона ва самимий мулоқоти нафақат икки халқ, балки бутун минтақа тараққиётига дахлдор. Шу боис ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги янги имкониятлар ишга солинмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида эркин савдо режимининг жорий этилиши кўзланган асосий мақсадлардан биридир. Натижада савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкони пайдо бўлади. Тожикистон Ўзбекистоннинг ўнта асосий ҳамкорларидан. Ҳудудлараро кооперация, аграр-тармоқ, таълим ва тиббиёт, тўқимачилик соҳасидаги улкан имкониятдан оқилона фойдаланиляпти.

Тарихий Душанбе саммити эса муносабатларнинг тамомила янги даврини бошлаб беряпти, дейиш мумкин. Тожикистонлик мутахассислар ҳам муносабатларда янги динамика пайдо бўлгани, икки томонлама алоқа янада мустаҳкамланишига ишонч билдирмоқда.

Абдуғани МАМАДАЗИМОВ, Тожикистон давлат университети профессори, сиёсатшунос:

– Ҳар баҳор минтақамиз ҳаётида муҳим ва манфаатли янгиликлар бўлган. Бу гал яшариш фасли Ўзбекистон ва Тожикистон учун янги давр, янги марралар сари дадил қадамни ташлашга сабабчи бўлди. Етакчиларимизнинг сиёсий иродаси туфайли муносабатларнинг янги поғона, янги босқичини кутяпмиз. Биз абадий дўстлик, стратегик шериклик, алоқаларнинг истиқболи ҳақида мулоқот қила оламиз, буни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Ўзбек-тожик муносабатини янада ривожлантириш дунёнинг энг ёш минтақаси – Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлашга катта ҳисса қўшади. Бундай ёндашув бугун тинчлик ҳақида ўйламай, қандайдир масалалар устида тортишаётган давлатларга намуна ҳам бўлади, деб ўйлайман. Ахир «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши», деганлари бежиз эмас…

Бир сўз билан айтганда, лидерларимизнинг сиёсий иродаси, оқилона сиёсати ҳамкорлик учун муҳим асос бўляпти. Энди бир поғона қуйига тушишимиз керак. Чунки биз чуқур савдо-иқтисодий муносабатни ҳудудлар даражасида ривожлантиришга интилмоғимиз лозим. Хусусан, Сурхондарё ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятлари, Сўғд ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жиззах ва Тошкент вилоятлари билан кооперацион муносабат ривожланиши алоқаларимизни фаоллаштиради, албатта.

Ўтган қисқа давр ўзбек-тожик муносабати мустаҳкамланишига жуда кучли туртки берди, катта ўзгаришлар бўлди. Икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқа стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу айниқса аҳоли турмуш тарзида ўзининг ижобий натижасини кўрсатяпти.

Виктор КИМ, Осиё ва Европа мамлакатлари илмий тадқиқот институти ходими:

– Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги ва ривожланишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатдаги яхши қўшничилик ва ишончга асосланган ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга. Давлат раҳбари шундай деганди: «Бизнинг аждодларимиз орзуси – икки қардош халқнинг тинч-тотув яшашдек армони амалга ошди. Ҳар кун Тожикистон – Ўзбекистон чегарасидан 20 дан зиёд киши ўтади. Аслида чегаралар очилиши, борди-келдилар тикланиши қондош ва қариндош икки халқ учун ҳаётий муҳим масала эди».

Икки давлат етакчиларининг саъй-ҳаракати билан 2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 756, 7 миллион долларга етди. Бу 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп дегани. Экспертлар томонидан ишлаб чиқилган икки давлат кооперацияси индекси кўрсаткичи 2017-2022 йилларда 1,6 баробар ўсганини ифодалайди, яъни 9 фоиздан 15 фоизга ортиш кузатилган.

Ўзбекистонда Тожикистон капитали иштирокида 278 корхона фаолият юритмоқда. Биргина 2023 йил уларнинг сони 78 тага кўпайди. Тожикистонда эса Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 90 та корхона рўйхатга олинган, улар орасида таълим ва тиббиётдаги лойиҳалар ҳам бор. Масалан, Сўғд вилоятининг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон – Тожикистон дўстлиги ифодасига айланган кўп тармоқли клиника қад ростлаган, у ерда ўтган йил апрель ойидан бошлаб мингдан ортиқ юқори технологик амалиётлар ўтказилди. Тез орада Душанбе шаҳрида ҳам Ўзбекистон шифокорлари билан ҳамкорликда замонавий тиббиёт муассасаси иш бошлайди.

Рамеш ҲАМРАЕВ, «Ўзбекистон юрак жамоаси» клиникаси раҳбари:

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан очиқлик сиёсати олдинга сурилиб, чегарадаги муаммолар ҳал қилингач, Ўзбекистон – Тожикистон орасидаги алоқа яхшиланди. Айниқса, тиббиёт йўналишида ҳамкорликда кенг кўламли ишлар, йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Бизга тожикистонлик ҳамкасбларимиз мурожаат билан чиқиб, ҳамкорликни йўлга қўйишни ва тажриба алмашишни таклиф қилди. Биз мурожаатларга, албатта очиқлик билан жавоб берган ҳолда, имкониятлардан фойдаланиб, бугунги кунда Хўжанд шаҳрида катта клиника барпо этдик. Шифохона номини ҳам «Ўзбекистон – Тожикистон ҳамдўстлик клиникаси» деб атадик.

Бир йилдан буён ишлаётган бўлсак, мингдан ортиқ юқори технологик жарроҳлик ишларини амалга оширдик. Бундан авваламбор, халқ манфаатдор. Юқори тиббий хизмат учун Европага, жумладан, Туркияга ёки бошқа юртларга бориш шарт эмас. Халқларимизнинг тиббиёт билан боғлиқ иши ушбу даргоҳнинг ўзида ҳал бўляпти. Биз олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз, соҳанинг аритмология, кардиохирургия каби энг муҳим йўналишларида биргаликда қатор истиқболли ишларни амалга ошириш ниятидамиз.

Хулоса шуки, бугун муносабатлар тарихидаги ҳар бир воқелик икки мамлакат ривожланиши учун муҳим қадамлар ҳисобланади. Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг янги истиқболлари мавзусида ўтказилган Душанбе конференциясида 50 зиёд ҳужжат имзоланди, ректорлар иккинчи форуми, шунингдек, Тожикистонда ташкил этилган «Кино кунлари» ҳар икки томонни бирлаштиряпти.

Беҳруз ХУДОЙБEРДИЕВ,

ЎзА