Эрон ва Исроил можароси совумай туриб, Иброҳим Раисий минтақавий, икки томонлама муносабатни муҳокама қилиш учун Покистонга уч кунлик сафарини бошлади.

Эрон Ислом Республикаси етакчиси Покистон раҳбарлари билан учрашиб, савдони ривожлантириш ва чегара муаммоларини ҳал этишни мақсад қилган. Шунингдек, у Бош вазир Шаҳбоз Шариф билан учрашмоқчи, чунки икки қўшни мамлакат январь ойидаги ракета ҳужумидан кейин алоқани тиклаш ҳаракатига тушган. Маҳаллий матбуот хабар беришича, Раисий сезиларли сиёсий ва иқтисодий таъсирга эга шахс – Покистон армияси раҳбари генерал Осим Мунир билан ҳам кўришади.

Эрон етакчиси Лаҳор, Карачи сингари йирик шаҳарларга боради.

Эрон – Покистон муносабати қай аҳволда?

Эрон ва Покистон ўртасида муаммоли масалалар мавжуд: икки давлат бир-бирини қуролли гуруҳларни жиловлай олмаётганликда айблайди.

Чегарадаги таранглик январь ойида Эрон – Покистон чегараси орқали ҳаво ҳужуми амалга оширилиши оқибатида икки бола вафот этгандан кейин кучайган. Эрон давлат матбуоти қуролли гуруҳларнинг икки базаси нишонга олинганини айтди. Бунга жавобан Покистон Эрон ҳудудига ракета отиб, Теҳрондаги элчисини чақириб олди. Энди қўшни давлатлар кескинликни юмшатишга қарор қилган. Раисий ташрифидан олдин Теҳрон ва Исломобод терроризмга қарши курашишга келишиб олгани ҳам маълум.

– Ўша пайт Покистонни муваққат ҳукумат бошқараётган эди. Демак, эронликлар янги ҳукумат келгач, муносабатни тиклаш ва мустаҳкамлашга қарор қилган, – дейди Сидней технология университети олими Муҳаммад Файсал.

Покистон ва Эрон муносабатининг аҳамияти нимада?

Покистонлик дипломатнинг фикрича, Исломободда Ҳиндистон ва Афғонистон билан чегара муаммоси мавжуд. Шу боис Эрон билан яхши ва барқарор муносабат Покистон учун жуда муҳим ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади.

Исломобод ва Теҳрон ҳозирги 2 миллиард долларга тенг ўзаро савдо миқдорини ошириш ниятида. Файсал икки давлат ўртасида суюлтирилган газ ва нефть билан боғлиқ норасмий савдо қиймати жуда юқори эканини таъкидлайди. Эрон Покистоннинг Балужистон вилояти ва яна бир неча чегара ҳудудини электр энергияси билан таъминлайди. Қолаверса, бу икки давлат яқин маданий, диний алоқага эга. Таҳлилчилар фикрига кўра, умумий чегара 900 километрга чўзилган бўлса-да, икки эл ўртасида яқин мулоқот шаклланмаган. Сайёҳлик ҳам диний туризм билан чекланган, холос.

Эрон Ислом Республикаси Президенти ўзаро маҳсулот айирбошлашни 10 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Ўтган йил август ойида ушбу марра 5 миллиард доллар қилиб белгиланган эди. Эрон табиий газини Покистонга экспорт қилиш учун қувур қура бошлаган, аммо АҚШ ядровий дастури туфайли мамлакатга санкция киритгач, жараён тўхтаб қолган. Таҳлилчи айтишича, музокара давомида Покистон – Эрон газ қувури ҳам муҳокама қилиниши мумкин. Шунингдек, Покистон минтақада эҳтимолий ҳарбий ҳаракатларнинг олдини олиш ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун халқаро саъй-ҳаракат зарурлигини таъкидлаб келади. Покистон Исроилни тан олмайди, бу давлат билан бевосита алоқа каналларига эга эмас.

Сардорбек Поёнов, Аслиддин Алижонов,

Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА