Бугунги кунда мамлакатимизда пиллачилик, уруғчилик ва тутчиликни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда ҳамда бу борада улкан ютуқларга эришилмоқда. Мазкур натижалар қўшни республика пиллакорларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Хусусан, Қозоғистонда ҳам ипакчилик соҳасида эришилган ютуқларимиз оммалаштирилмоқда. Бунга эса икки давлат раҳбарлари иштирокидаги учрашув ва музокараларда асос солиб бўлинган. Энди навбат амалий ҳаракатга.

Жумладан, жорий йилда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимлиги билан олиб борилган музокараларда Андижоннинг Марҳамат туманидаги “Ипак кўчат кластери” томонидан яратилган “Янги Андижон” навини экиш ва ривожлантиришга талаб борлиги айтилди. Ҳозирда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, “Ипак кўчат кластери” ва “Казак ипаги” уюшмаси билан шартнома тузилган бўлиб, унга кўра жорий йилда 5 миллион туп тут кўчатларини етказиб беришга келишилган. Бунинг учун маҳаллий мутахассисларимиз яқинда Туркистон вилоятида бўлиб, ажратилган ер майдонларини ўрганиб қайтдилар.

Келишувга кўра, ҳар бир кўчат 45 центдан экспорт қилинади. Яъни, бунда 15 цент кўчат нархи бўлса, қолган 30 цент экиш ва  пайвандлаш хизмати учун олинади. Яқинда ушбу лойиҳа Қозоғистон ҳукуматида тақдимот қилиниб, ижобий хулоса олинди ва эътиборли томони бунинг учун қўшни давлат фермерлари учун имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди.

–Бугунги кунда бизда мавжуд тутзорлар маънан эскирган, ипак қурти боқиш учун яроқсиз ҳолда, –деди Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимлиги Тадбиркорлик ва саноат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Н.Абдуразақова. – “Марҳамат 2017” навли тутни сотиб олиб, қозоқ далаларида тутчилик кластерларини ташкил қилиш ниятидамиз. Бунга бизнинг масъуллар ҳам розилик билдирган. Мақсад сизлардаги тажрибани ўзимизда жорий этиш орқали маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, энг муҳими, даромад манбаига эга бўлган касбни ўргатишдир.

Шунингдек, қозоғистонлик ҳамкорларнинг билдиришича, ҳамкорликда тут плантацияларини ташкил этиш орқали йўқолиб кетиши мумкин бўлган ипак қурти боқиш анъанасини қайта тиклашни мақсад қилган. Нафақат тут кўчатлари, балки ипак қурти уруғчилиги,  пилла етиштириш ва пиллани қайта ишлаш йўналишларида ҳам  Ўзбекистондан тажрибали мутахассисларни жалб қилишга келишиб олинган.

Шунингдек, Туркистон вилоятида пиллачиликни комплекс ривожлантириш бўйича ҳудудий дастур ва ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилган бўлиб, бу бўйича ўзаро саъй-ҳаракатларга киришилган.

Масъулларнинг айтишича, ҳозирда Туркистон вилоятининг Жетисай туманига 300 минг туп тут кўчати ҳамда уларни экиш учун махсус агрегат техникалари етказиб берилиб, ишлар бошлаб юборилган. Шунингдек, ишни жадаллаштириш мақсадида Туркистон вилояти Жетисай туманидан ҳам ишчилар жалб қилинади. Умуман олганда, Қозоғистонда “ўзбек модели” асосида пиллачиликни ривожлантиришдаги режалар бугун реал воқеликка айланмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА