БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 12 аъзоси Фаластинни БМТга қабул қилиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини маъқуллади. Икки мамлакат – Швейцария ва Буюк Британия бу масалада бетараф. Таъкидлаш жоиз, айни пайт Фаластин БМТда кузатувчи мақомига эга, Исроил эса 1948 йил ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган.

Араб давлатлари номидан Жазоир тайёрлаган навбатдаги ҳужжат матнида, жумладан, шундай дейилган: Хавфсизлик Кенгаши Фаластин давлатининг БМТга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини ўрганиб чиқди.  Бош ассамблеяга Фаластин давлатини Бирлашган Миллатлар ташкилоти аъзолигига қабул қилиш тавсия этилади.

Одатда ХК томонидан тавсия этилган ҳужжат қабул қилинса, кўриб чиқиш учун Бош ассамблеяга жўнатилади. БМТга янги давлатни қабул қилиш учун Ассамблея аъзоларининг учдан икки қисми маъқуллаши етарли. Айни ҳолатда бундай бўлмади.

Мажлисда Россиянинг ташкилотдаги доимий вакили Василий Небензя “АҚШ қарши овоз бериб, фаластинликларга нисбатан ҳақиқий муносабатини кўрсатди”, деди. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. ХК 15 аъзо мамлакатининг 12 таси  ҳужжатни маъқуллади. АҚШ қарши овоз бериши  Фаластининг давлат сифатида халқаро ҳамжамиятга тўлақанли аъзо бўлиш орзусини яна номаълум муддатга чўзадиган кўринади.

– Ғазода кескинлик бошлангандан буён АҚШ беш марта вето қўйди, яъни бу гал ҳам фаластинликларга нисбатан қандай муносабатда эканини яққол намоён қилди, – деди Небензя. – Вашингтон учун фаластинликлар ўз  давлатига муносиб эмас.

Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац эса Фаластиннинг ташкилотга қабул қилинишига қарши овоз бергани учун Қўшма Штатларга миннатдорлие билдирди.

Фаластиннинг БМТдаги кузатувчиси Риёд Мансур баёнот беришича, мухторият АҚШ тутган йўлга қарамай, орқага чекинмайди.

– Резолюция қабул қилинмагани бизнинг иродамизни синдира олмайди ва интилишимизни йўққа чиқара олмайди, – деган дипломат. – Биз ҳаракатни  тўхтатмаймиз, орқага чекинмаймиз. Фаластин Давлати албатта, бўлади, бу ҳақиқат.

РИА Новости ёзишича, Исроилнинг БМТ ХКдаги доимий вакили Гилад Эрдан минбарга чиқаётганда Араб делегацияси зални тарк этган. Томонларнинг ҳудудий манфаати билан боғлиқ Фаластин – Исроил можароси бир неча ўн йиллардан буён минтақада кескинлик ва қуролли тўқнашув манбаи бўлиб келмоқда. БМТнинг 1947 йил қабул қилинган қарорига биноан,  Исроил ва Фаластин давлатларини ташкил этиш белгиланган, бироқ фақат Исроил давлати ташкил этилган. АҚШ Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиши масаласи Исроил билан Фаластин келишуви асосида ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблашини ҳар доим таъкидлаб келади.