Ҳаётимиз турли-туман ҳодисаларга бой. Инсон ушбу ҳодисаларнинг иштирокчисидир. Инсон ўз ҳаракати билан дунёни обод қилиши ёки уни вайрон қилиши ҳам мумкин. Жамиятга фойдаси тегувчи одамлар ҳамиша ҳурматга лойиқ бўлиб, бошқаларга ибратдир. Бироқ иллатли одамлар ҳам борки, улар ҳар бир даврда жамиятга зарар келтирган ва қораланган.

Биз “иллатли киши” деганда ўғри, каззоб, муттаҳам, юлғич, порахўр каби инсониятга кулфат келтирувчи кишиларни тушунамиз. Ана шундай кишилар сирасига иккиюзламачи, қиёфасизлар ҳам киради. Одатда иккиюзламачи, қиёфасизлар одамларнинг эътиборидан четда қоладилар, уларнинг борлигига аҳамият қилинмайди. Аммо улардан бўладиган зарар кўлами жуда катта бўлиб, бутун бир миллатни пароканда қилиши мумкин.

Афсуски, бу иллат бугун чуқур илдиз отди. Ҳозирда иккиюзламачилик, қиёфасизлик кўпчилик инсонларда кузатилмоқда. Нафақат авом одамлар, балки илмлилар орасида ҳам бу иллатга мубтало бўлганлар топилади.

Хўш, қиёфасизлик қаердан пайдо бўлади? Бунга қандай воситалар сабаб бўлмоқда? Нега бугун бир-биримиздан кўзимизни олиб қочадиган бўлдик?! Ёлғончилар кўпайиб кетдими?

«Шахсий мулоҳаза» лойиҳасининг бу галги меҳмони Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, дилбар шоира Фарида Афрўз (Бўтаева).

Суҳбатимиз давомида ўзбек миллатининг илдизига чанг солаётган иллат «қиёфасизлик» ва оқибатлари ҳақида фикр алмашдик.

М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА