Жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2024-2025 йилларда босқичма-босқич ўзгарадиган янги нархлари ҳамда шу йилнинг 1 май санасидан эътиборан, аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бош мутахассиси Баҳодир Қодиров электр энергияси ва табиий газ нархининг табақалаштирилган тарзда оширилганини қуйидагича изоҳлади: 

– Ҳукуматимиз қарорига асосан жорий йилнинг 1 май кунидан аҳоли ва истеъмолчилар учун электр энергияси тарифи қайта кўриб чиқилди ва бошқа нархлар белгиланди. 2019 йилнинг августидан буён шу вақтга қадар тариф масаласи кўриб чиқилмаган эди.

Кейинги пайтда энергетика тизимида узилишлар кузатилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бунинг сабабларини айтадиган бўлсам, шу кунга қадар ишлаб турган тизимнинг 45 фоизи 45-50 йил аввал ўрнатилган электр қурилмаларидир. Бугунги кунда улар ҳам маънан, ҳам жисмонан эскирди. Шунинг натижасида тармоқларда узилишлар кузатилмоқда ва аҳолининг ўринли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Нима учун қурилмалар эскириб кетдию, тармоқлар янгиланмади, деган савол туғилиши табиийдир. Бунинг сабаби эса моддий маблағнинг етишмагани билан боғлиқ. Давлатимиз томонидан халқимизни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида энергетика тизимининг бир маромда ишлашини таъминлаш учун ҳар йили давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади. 2023 йилда 14 триллион сўм субсидия ажратилган. Бу йилги маълумотларга кўра, 12 триллион сўм субсидия берилади. Лекин бу субсидиялар тизимни тиклаш, модернизация ва реконструкция қилиш ишларига етмайди ва қачонгача биз субсидияда ўтирамиз. Бунинг ягона йўли тарифларни кўриб чиқиш эди.

Келинг, бу фикримни асослаб берай: 1 киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш, транспортировка қилиш ва уни етказиш салкам 1000 сўмга айланмоқда. Тўлов эса 295 сўмни ташкил этади. Орадаги 700 сўм фарқ қолиб кетяпти. Давлатдан берилган субсидиялар, албатта, буни тўлиқ қопламайди. Бундан ташқари, аҳоли сони кўпайиб боряпти. Корхоналар ўсяпти. Янги массивлар барпо этиляпти. Ҳаммасига электр энергия зарур. Мана шу эҳтиёжни қондириш мақсадида тизимни ривожлантириш ва кенгайтиришимиз керак. Яъни, катта подстанциялар қуришимиз ва трансформаторлар ўрнатишимиз керак. Буларга маблағ лозим. Маблағ қаердан келади? Тарифни ўзгартириш бўйича қабул қилинган қарор ижроси тизим учун қисман бўлса ҳам зарур маблағларга эришишга умид уйғотади.

Биласиз, ҳеч қандай тадбиркор ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотини таннархидан арзонга сотмайди. Унда тадбиркор банкрот бўлади. Яхши ҳамки, бизнинг энергетика тизимимизни сақлаш учун давлатимиз томонидан берилаётган субсидиялар кўмак беряпти. Агар субсидия берилмаганда эди, тизим бутунлай барбод бўлар эди. Тўғри, соҳада ишлар олиб борилмоқда, лекин эски ишлаб турган тизимни янгилашга умуман илож бўлмади. Шу сабабли, кечроқ бўлса ҳам, тариф масаласи кўриб чиқилди. Ўйлайманки, бу сал бўлсада, ўзининг ижобий натижасини беради.

Янги таърифга келсак, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами бор. Уларни қийин ҳолатга солиб қўймаслик мақсадида тариф табақалаштирилган тарзда кўриб чиқилди. Яъни, бир хонадон бир ойда 200 киловатт соат электр энергиясини истеъмол қилса, 450 сўмдан пул тўлайди. 201 киловатт соатдан бошлаб 1000 киловатт соатгача бўлса, 900 сўмдан тўлайди. Агар 10000 киловатт соатдан ошиб кетса, 1800 сўмдан тариф белгиланди. Албатта, тарифларнинг бундай ўзгариши тизимни ривожлантиришга ва истеъмолчиларга барқарор электр энергиясини етказиб беришга пухта замин яратади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.