Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг расман эълон қилинган сони аҳолининг 2,6 фоизини ташкил қилади.

Ўрганишлардан маълум бўлишича, ногирон болалар ва катталарнинг 25 фоизи зарур тиббий хизматлардан фойдалана олмайди. Шунингдек, ногиронларни қийнаб келаётган, уларнинг ортиқча сарсон-саргардончилигига сабаб бўлаётган муаммолардан бири тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалаларидир.

Хўш, ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг олдини олиш борасида қандай амалий ишлар қилинмоқда? 

Пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Ижтимоий ҳимоя бўйича глобал алянслар – Ўзбекистон” (GASP-UZ) лойиҳаси билан ҳамкорликда инклюзив жамият яратиш ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ногиронликнинг тиббий моделидан ижтимоий моделга ўтиш мавзуларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

“Инклюзив жамият: ногиронликни баҳолашнинг ижтимоий модели ва ногиронлиги бўлган шахслар учун хизматлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатидан кўзланган мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларни инклюзивлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиш,уларга ечим топиш, шунингдек, турли манфаатдор томонлар ўртасида мулоқотни рағбатлантириш учун платформа яратишдан иборат.

Давра суҳбатида ногиронликнинг ижтимоий моделида инклюзивлик тамойиллари, барча фуқаролар учун тенг имкониятлар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, ушбу тамойилларни амалиётда татбиқ этиш бўйича аниқ қадамлар муҳокама қилинди.

Гибрид форматда ташкил этилган тадбирда давлат органлари, нодавлат нотижорат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, фаоллар, имконияти чекланган шахслар иштирок этди.

Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги етакчи халқаро эксперт Александра Посарак ногиронликнинг ижтимоий моделини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ўз фикрларини билдирди, жумладан, долзарб муаммолардан бири ҳисобланган жамиятда инклюзив муҳитни яратиш заруриятини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, у инклюзивлик, тенглик ва ҳар бир инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланган ижтимоий моделни яратиш ва қўллаб-қувватлашга чақирди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда ногиронлик масалаларини тушуниш ва ёндашувда сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Шахснинг жисмоний ёки психологик камчиликларини кўзда тутувчи “тиббий модел” ўрнини аста-секин ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаш учун атроф-муҳит ва ижтимоий омилларнинг муҳимлигини акс эттирувчи “ижтимоий модел” эгалламоқда. Ушбу моделнинг Ўзбекистонда татбиқ этилиши ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда ўз имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратишга ёрдам беради, инклюзив жамиятни тарғиб қилади ва ижтимоий ҳамкорликка олиб келади.

– Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги белгилаб қўйилган дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул ходими Беҳзод Абдуҳакимов. – Ўтган вақт давомида айнан ногиронликни белгилаш борасида 3 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Шуни алоҳида қайд этишим лозимки, ногиронлиги бўлган шахсларни “меҳнатга лаёқатини белгилаш” амалиётидан воз кечиб, ногиронликни касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, ўз-ўзига хизмат қилиши, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгилаш амалиёти синов тариқасида жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади. 2024 йил 1 майга қадар ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқларсиз ҳаракатланишлари учун шаҳарсозлик норма ва қоидалари талаблари асосида мослаштириладиган намунавий кўчалар лойиҳаси ҳам тасдиқланади.

Тадбир сўнггида Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзивлик ва тенг имкониятларни қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи аниқ чора-тадбирлар ва дастурларни амалга оширишга қаратилган вазифалар белгиланиб, амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА