Юртимизда кўпгина оилавий тадбиркорлар, ишбилармонлар муайян фаолият тури билан шуғулланиб, ўзларини ўзлари банд қилиб келмоқда.

Бу ўз навбатида, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда оилавий даромадларни оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, зарур шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 2 апрелда қабул қилинган «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Қарорда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромад топишга қаратилган фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирларни тизимли равишда давом эттириш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар 33 миллиондан 100 миллион сўмгача гаровсиз ажратилиши белгиланди.

Хусусан, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга (асосий иш жойига эга шахслар бундан мустасно) 33 миллион сўмгача, бир йилдан сўнг ушбу қарз олувчининг тадбиркорлик фаолияти самарадорлиги, қарзнинг мақсадли ишлатилганлиги ҳамда заруратга қараб гуруҳ кафиллиги (камида 3 нафар фуқаро) билан қўшимча 50 миллион сўмгача револьвер асосида кредитлар ажратилади.

– Мазкур қарорга кўра, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги кредитлардан томорқани ривожлантиришнинг бир нечта йўналишларида – паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик ва ихчам иссиқхона учун фойдаланиш мумкин, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасулов. – Шу билан бирга, ер майдони 10 сотихдан ортиқ бўлган томорқа ер эгаларига ва ижарачиларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит бериш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 10 сотихли ихчам иссиқхоналарни барпо этиш ва балиқчилик фаолиятини ташкил этиш мақсадида бўлган оилалар учун 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади. Бу эса аҳоли вакилларининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга, иш фаолиятларини кенгайтиришга хизмат қилади, – дейди халқ вакили.

Дарҳақиқат, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги кредитлар 3 йилдан 4 йилгача муддатга, 6 ойдан 1 йилгача имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади. Эндиликда оилавий тадбиркорлар паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик ва ихчам иссиқхона каби йўналишлардаги фаолиятни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда ушбу имтиёзли кредитлардан фойдаланган ҳолда даромадларини оширишлари, ўзини ўзи банд қилишлари мумкин.

Муҳтарама Комилова, ЎзА