Дунёда шундай маҳсулотлар борки, бу товарларсиз ҳозирги замон саноати ривожини тасаввур қилиб бўлмайди. Бундай маҳсулотлар юқори технологиялар тараққиётида муҳим унсур сифатида баҳоланади.
Шу маънода сўнгги ўттиз йил ичида микрочип ишлаб чиқариш бозори улкан ўзгаришларни бошдан кечиргани эътиборли. Ўтган аср 90-чи йилларида ер юзидаги митти чипларнинг 40 фоизи АҚШда, яна 40 фоизи Европада ишлаб чиқарилган. Ҳозир эса дунё бозорида мазкур саноат маҳсулоти экспортининг қарийб 50 фоизини Осиё мамлакатлари – Хитой, Гонгконг ва Тайвань таъминлайди. Бу ҳолат жаҳон ярим ўтказгичлар бозори глобал ўзгаришга юз тутаётганини англатади. Масалан, Хитой ички ишлаб чиқаришни мунтазам кенгайтирмоқда. Чин юрти Тайвань микрочип бозори учун, ҳатто, АҚШ билан зиддиятга боришга ҳам тайёр эканини билдирган.
Сўнгги пайт микрочип экспорт қилиш бўйича етакчилар сафига интилаётган янги мамлакатлар пайдо бўлмоқда. Ҳиндистон шундай давлатлардан бири. Экспертлар тахминича, 2026 йилга келиб ҳинд диёри ярим ўтказгич бозори қиймати 63 миллиард долларга етади. Ҳолбуки, 2020 йил айни кўрсаткич атиги 15 миллиард доллар эди.
Қувайт ҳам 2022-2023 йиллар давомида ушбу товарни чет элларга чиқариш қобилиятини сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлди. Экспертлар таъкидлашича, бу ўсиш молиявий даромад шаклида 147 баробарни ташкил этган.
Хуллас, бир вактлар АҚШ микрочип ишлаб чиқаришни Осиё бозорига кўчириб, энди ўзига қайтара олмаяпти. Табиийки, Қўшма Штатлар бу борадаги етакчиликни аллақачон қўлдан бериб бўлган. Ўтган йил экспортда анъанавий равишда Гонконг, Тайвань, Сингапур, Хитой ва Жанубий Корея пешқадамлик қилди. Қизиқарли жиҳати шундаки, бундай маҳсулотларни импорт қилувчи давлатлар рўйхати бошида ҳам айнан шу мамлакатлар жой олди, фақат бошқача тартибда: яъни, биринчи ўринни Хитой эгаллади. Умуман, ярим ўтказгич экспорти миқдори ҳам, импорт қиймати ҳам бир триллион доллардан ошди, дейилади “РИА Новости” БМТ “Comtrade” платформаси маълумотига таяниб эълон қилган таҳлилий мақолада.
2023 йил энг кўп микрочип сотган мамлакат – Гонконг 193,5 миллиард долларлик маҳсулотни жаҳон бозорига чиқарди. Дарвоқе, Гонгконг бу борада 10 йилдан бўён биринчиликни қўлдан бермай келяпти. 166,6 миллиард доллар кўрсаткич билан Тайвань ороли иккинчи, Сингапур эса 137,9 миллиард долларлик митти чип сотиб учинчи ўринни банд этди. Кейинги ўринларда Хитой (136,3 миллиард доллар) ва Жанубий Корея (86,1 миллиард доллар).
Кучли бешлик аъзолари орасида савдони энг кучайтирган давлат сифатида Сингапур қайд этилган. Бу мамлакат экспорти ўсиши 13 фоизни ташкил этган.
Импорт бўйича эса 350,1 миллиард доллар билан Хитой биринчиликни қўлга киритди.Таъкидлаш жоиз, Чин мамлакати микрочип импорти бўйича етакчиликни 22 йилдан буён ҳеч қайси юртга бергани йўқ. Четдан чип олиб кириш бўйича кейинги ўринлар қуйидагича тақсимланди: Гонконг 202,6 миллиард, Сингапур 113,4 миллиард, Тайвань 73,2 миллиард, Жанубий Корея 51,7 миллиард доллар.
Бошқа етакчилар кўрсаткичида пасайиш кузатилган. Масалан, Жанубий Кореяда 24, Хитойда 12, Тайванда 10 ва Гонконгда 10 фоиз. Импорт кўрсаткичи бўйича энг юқори – 4381 карра ўсиш Албанияда кузатилди.
Пандемия даврида дунёнинг деярли барча минтақаларида карантин чеклови жорий қилинди. Бу халқ хўжалигининг турли тармоқлари қатори ярим ўтказгич бозорига ҳам салбий таъсир кўрсатди, Савдо йўлларида ҳаракат тўхтаб, экспорт-импорт кескин камайди. Натижада занжир номувофиқлиги юзага келди ва саноат ишлаб чиқаришининг қарийб барча йўналиши зарбага учради. Тасаввур қилайлик, алоқа воситаси, маиший техника, замонавий автомобиль, катта ва кичик гажетлар – буларнинг ҳеч бири миттигина чипсиз умуман ишламайди, яъни миясидан айрилади.
Хайриятки, қийин даврлар ортда қолди. Жаҳон микрочип савдоси яна авж олиб, юксала бошлади. Саноат, айниқса юқори тенология ривожини микрочипсиз тасаввур қилиш қийин. Қолаверса, иқтисодиёти саноат ишлаб чиқаришига, айниқса юқори технологияга таянган ҳар қандай мамлакат бундай маҳсулотга кучли эҳтиёж сезиши табиий. Бинобарин, митти чип бозори кенгайиб боравераркан, рақобатчилар сони ҳам ортиб бораверади.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси