Тошкентда “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Ўмон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.

  • “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлари вазирлари иккинчи учрашувининг азиз иштирокчиларини пойтахтимиз Тошкентда қутлашдан бағоят мамнунман, – деди Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўз нутқида. – Мулоқот форматининг Марказий Осиёдаги илк давраси серқуёш Ўзбекистон заминида бўлиб ўтаётгани биз учун катта шарафдир. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бугунги тадбиримизни юқори даражада ташкил этишдаги саъй-ҳаракатлари учун кенгаш Бош котиби Жасим Ал-Будаивий Жаноби Олийларига чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман. Учрашувимизнинг фахрий меҳмони сифатида иштирок этаётган қардош Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов Жаноби Олийларини қутлашдан бахтиёрман.

Мулозим ўзининг табаррук 70 ёшини нишонлаётган Баҳрайн Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири, Абдуллатиф бин Рашид Ал-Заяни Жаноби Олийларини чин дилдан муборакбод этаркан, самимий қутловларини билдирди.

  • Қадрли ҳамкасблар, – нутқида давом этди Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари. – Ушбу учрашув икки стратегик муҳим минтақа – Марказий Осиё ва Кўрфаз ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳамжиҳатлигимиз ва қатъиятлигимизнинг яққол тасдиғидир. Бу энг аввало, ҳамкорлигимизнинг кун тартибини муҳокама қилиш, 2023 йил Жидда шаҳрида бўлиб ўтган форматимизнинг биринчи саммитида эришилган келишувларни биргаликда амалга ошириш, халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имкониятдир.

Учрашув кун тартибида эришилган келишувларни амалга ошириш, сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокамаси ўрин олди.

  • “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашувини ўтказишдан мақсад – келгуси йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги иккинчи олий даражадаги саммитга тайёргарлик кўришдан иборат, – деди Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим Муҳаммад Ал-Будаивий. –  Яъни, бу йиғилиш яна бир муваффақиятли саммитга пойдевор қўйиш вазифасини ўтамоқда. Яна бир муҳим сабаби эса, Кўрфаз араб мамлакатлари Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро яхши муносабатда эканлигидир.

Тошкент учрашуви шубҳасиз, томонлар бир-бирининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш йўлидаги навбатдаги қадами бўлиб, жадал ривожланаётган икки минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро тушуниш, ишончли мулоқот ва тенг ҳуқуқли шериклик платформасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

  • Бугун йиғилиш очиқ, конструктив ва дўстона атмосферада бўлиб ўтди, – деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев. –  Аввало, мазкур муҳим тадбирга қизиқиш билдирганингиз ва уни кенг ёритишда иштирок этганингиз учун сизларга самимий миннатдорлик билдирамиз.

Барча иштирокчи давлатларнинг бугунги вазирлар учрашувида юқори даражада иштирок этганликлари  “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти форматининг нуфузи тобора ортиб бораётанлигидан далолатдир.

Йиғилишда давлатлар ўртасида сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестиция ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, вазирлар долзарб халқаро ва минтақавий масалалар, хусусан, Афғонистон, Яқин Шарқдаги вазият ва бошқа бир қатор мавзулар бўйича атрофлича фикр алмашдилар.

“Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари” ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилиши 2026 йил Кувайтда ўтказиладиган бўлди.

Йиғилиш якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.

Муҳаррама Пирматова,

Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео),

Даврон Эрназаров (фото), ЎзА