ФОТОРЕПОРТАЖ

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг апрель-май ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари педагоглари малака (тест) синовларидан ўтказилади.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, тизим ўқитувчиларига тоифа бериш жараёни бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалга ошириб келинмоқда. Бунда педагогларни аттестациядан ўтказиш учун вазирлик томонидан янги тизим яратилиб, малака тоифасини бериш амалиётининг такомиллаштирилган, инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизими жорий этилди.

2023 йил 5-7 декабрь кунлари ўқитувчилар билим даражаси паст бўлган 20 та туман (шаҳар)да фаолият олиб бораётган педагоглар иштирокида малака тоифалари беришнинг мазкур янги тизими тажриба-синовдан ўтказилди. Унда 4123 нафар педагог иштирок этди.

Апрель-май ойларига белгиланган синов жараёнлари ҳам амалиётга жорий этилган янги тизим асосида ўтказилади.

Икки босқичда ташкил этиладиган мазкур малака тоифасини олиш синовлари мамлакатимиз миқёсида бугун, 15 апрель кунидан бошланди ҳамда май ойининг якунига қадар давом этади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти таълим муассасалари педагоглари иштирокидаги аттестация синовлари пойтахтимиздаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказида ташкил этилди.

Биринчи босқичда педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Иккинчи босқичда иштирокчининг педагогик маҳорати синовдан ўтказилади.

Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилмоқда. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади.

Таъкидлаш жоиз, вазирлик томонидан аттестациясига тайёргарлик кўриш ва педагогларга малака тоифасини беришнинг янги тартиби – pedkadr.uzedu.uz электрон платформаси ишлаб чиқилган.

Аттестацияда иштирок этиш учун 243 минг нафардан ортиқ педагог онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 202 минг нафардан зиёди аттестацияда иштирок этиши кутилмоқда.

Баҳолаш натижалари QR-код қўйилган электрон шаклдаги педагогларнинг шахсий кабинетига юборилади.

Аттестация натижасига кўра, педагог кадрларнинг ойлик иш ҳақига киритиладиган ўзгаришлар автоматик тарзда ҳисоблаб чиқарилиши учун UzASBO ёки бошқа молиявий ҳисоб-китоб дастурларига юборилади.

Қайд этиш керак, бугунги кунда умумтаълим мактабларида жами 525 минг 737 нафар педагог фаолият юритмоқда. Уларнинг 53 минг 914 нафари олий, 101 минг 751 нафари биринчи, 126 минг 759 нафари иккинчи малака тоифали, 177  минг 122 нафари мутахассис лавозимига эга. 66 минг 191 нафари эса тоифасиз, яъни ўрта-махсус маълумотли кадрлардан иборат.

Охирги беш йилликда малака тоифалари динамикасида юқори тоифали ўқитувчилар сони ортиб, қуйи тоифали ўқитувчилар сони камайиб бормоқда.

Таълим сифатини оширишда ўз устида тинимсиз ишлайдиган, билими ва тажрибаси юқори бўлган ўқитувчилар муҳим ўрин эгаллайди. Янги аттестация тизими айнан ана шундай малакали ўқитувчилар сонининг ортиши ва бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда таълим ривожига хизмат қилиши билан аҳамиятли.

 

Камола ЮСУПОВА,

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА