Маълумки, аутсорсинг бу – томорқадан фойдаланишда ишлаб чиқаришнинг бир қисмини бошқа ихтисослашган ташкилотга бериш орқали сифатга эришиш тизимидир.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Комилжон Қўзиевнинг қайд этишича, бундай тизим ривожланган мамлакатларда яхши йўлга қўйилган. Шу мақсадда биз ҳам мамлакатимизда томорқа ерларига сифатли аутсорсинг хизмати кўрсатиш масаласини таҳлил қилиб чиқдик.

–Таъкидлаш керакки, Германияда қарийб 500 мингта кичик томорқа (Kleingarten) мавжуд бўлиб, уларга кўрсатиладиган аутсорсинг хизмати ҳажми 15 миллиард еврони ташкил қилади.  Аутсорсинг хизмати анъанавий боғлар ва сабзавотчилик йўналишида оммалашиб бормоқда. Англиядаги йирик томорқа хўжаликлари уюшмасининг филиали  асосан табиий хилма-хилликни асрашга хизмат қилади. Ушбу уюшма Лондондаги 740 дан ортиқ кичик ер эгалари ҳамда 40 мингта алоҳида томорқага хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонда 4,9 миллионта томорқа хўжалигида 741,2 минг гектар ер ресурси мавжуд бўлиб, унинг 402,1 минг гектари бевосита ҳовлида жойлашган. Бу томорқа ерларида ялпи деҳқончилик маҳсулотларининг 37,9 фоизи, ялпи чорвачилик маҳсулотларининг 88,4 фоизи етиштирилади. Томорқа хўжаликларининг 766,8 мингтаси (15,4 фоиз) шаҳарларда жойлашган бўлиб, уларнинг тасарруфида 48 минг гектар (6,5 фоиз) ер ресурси бор.

Хўш, ушбу аутсорсинг хизмати тизими биз учун қандай наф келтиради? Биз аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш учун қандай хизматлар кўрсатилаётганини ўргандик ва сўров ўтказдик. Сўров натижаларига кўра,  иштирокчиларнинг аксарияти томорқадан шериклик асосида ҳосил олиш ва унинг бир қисмини бериш орқали аутсорсинг хизматидан фойдаланиши мумкинлигини билдирган. Демак, хориж тажрибасини айнан мамлакатимизда татбиқ этиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир, – деди К.Қўзиев.

 

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА