Телефонга қарамлик – ХХI аср эпидемияси дея эътироф этилмоқда. Тиббиётда бу, номофобия касаллиги деб ташхисланади. Яъни номофобия телефонга қарамлик, ундан айрилиб қолишдан қўрқув ҳисси пайдо бўлиши билан кечади ва ҳозирда кўпроқ болалар ва ўсмирларда учрамоқда.

Ушбу фобиядан азият чекадиган инсон асабий, диққатини жамлай олмайдиган бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, бу ҳолат қўлида телефон бўла туриб, ундан фойдаланиш учун имкон (уяли тармоқ сигнали ёки Wi-Fi) бўлмаслиги сабабидан ҳам юзага келади.

Энг ёмони, телефондан узоқ вақт давомида бетартиб фойдаланиш инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади. Гаджетлар қаршисида кўп вақт ўтказиш болада умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталиклар ривожланиши хавфини ҳам туғдиради.

Албатта, болаларни телефондан мутлақо айириб қўйиш ҳам нотўғри. Чунки уларнинг зарари билан бир қаторда фойдали томонлари ҳам кўп. Замонавий гаджетлар тақдим эта оладиган имкониятлар болаларга янги билим олишга ёрдам беради, уларга ўқиш жараёнида асқатади.

Хўш, унда ота-оналар қандай йўл тутиши керак? Қандай қилиб, фарзандларини телефонга қарамликдан қутқаришлари мумкин?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан берилган тавсияларга кўра, профилактик мақсадларда болалар ва ўсмирларнинг телефон билан ўтказадиган вақтини қисқартиришга ҳаракат қилиш керак. Бу вақт давомида фарзандингиз билан кўпроқ биргаликда уй юмушларини бажаринг, севимли машғулотларига йўналтиринг. Натижада, бола телефонсиз ҳаёт нафақат мумкин, балки ёрқин ва ҳиссий жиҳатдан бой бўлишини англаб етади.

Уйда телефонини доим ёнида олиб юрмаслиги кераклигини уқтиринг. Гаджет бир жойда тургани маъқул эканини англаб етсагина номофобия касаллигига учраш эҳтимоли камаяди.

Дам олиш кунлари оилавий телефонни бир неча соатга ўчириб қўйиш одатини шакллантиринг. Ахир болалар катталардан ўрнак олишади. Аста-секин бу вақтни ошириб бориш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда ўтказиладиган вақтни назорат қилинг.

Бола учун «реал» ҳаётда қизиқарли бўладиган, шу жумладан оилавий мулоқотни ўз ичига олган севимли машғулотларни топишга ҳаракат қилинг. Дам олиш кунлари биргаликда сайрлар уюштиринг.

Энг асосийси, бу аввалига жуда қийин кўринсада, болани вақтида «реал» ҳаётда «ушлаб қолиш» ва телефонга қарамлик даражасигача етиб бормаслиги учун замин ярата олишдир.

 

ЎзА