Халқаро узум ва вино ташкилоти (OIV) 1924 йили ташкил топган. Штаб-квартираси Парижда жойлашган. Ҳозир унга 50 га яқин мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо.

Айни пайтда Италияда Халқаро узум ва вино ташкилоти (OIV) йиғилишига старт берилди. Унда Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам иштирок этмоқда.

Йиғилишда дастлаб, Италия Бош вазирининг йиғилиш иштирокчиларига бевосита йўлланган табриги ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг ташкилотга аъзо давлатлар томонидан ўзаро ҳамкорлик ва истиқболли лойиҳалар хусусида маърузалар тақдим этилди.

Ўз навбатида, сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири И. Абдураҳмонов мустаҳкам ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистонда узумчилик ва виночиликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар хусусида сўз юритди. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қатори узумчилик ва виночиликни ривожлантириш борасида олиб бораётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, мулоқот жараёнида И.Абдураҳмонов томонидан узумчилик йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан ҳамкорликда узум ва виночиликни ривожлантириш, ушбу йўналишда ходимлар малакасини ошириш, Халқаро узум ва вино ташкилоти тавсиялари асосида миллий вино танловини ўтказиш, Ўзбекистон виночилик соҳасига молиявий ва ноу-хау сармояларини жалб қилиш ва виночиликда Ўзбекистон имижини ривожлантиришга кўмаклашиш, Италия, Франция, Испания каби давлатларнинг агротуризм йўналишидаги тажрибаларини Ўзбекистонда ҳам кенг тарғиб этиш каби бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Мамлакатимизда узум ва виночилик йўналишини ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, соҳадаги тенглик, ўзаро қизиқиш ва манфаатдорликни ошириш мақсадида билдирилган таклифлар йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди ва келгусида ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар ўртага ташланди.

Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, Халқаро ташкилотга аъзо бўлиш истагидаги давлат аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тан олинган ва қонуний мавқедаги ҳукуматга эга бўлиши лозим. Аъзолик эса вино, узум ва майизга дахлдор долзарб масалаларни, асосан стандартлар, қоидалар, сифат мезонларини муҳокама қилувчи илмий ҳамжамият фаолиятида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлиши керак. Бу нарса ўша давлатга қарорлар қабул қилишда муайян устунликлардан фойдаланиш имконини беради. Агар ташкилотга аъзо давлатлар ҳукуматлари томонидан қонунчилик ва халқаро қоидаларга риоя қилиш борасида кўмак сўралса, уларга бу борада тегишли хизматлар ҳам кўрсатилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА