Дорихоналар кўплиги масаласи ҳеч кимга янгилик эмас. Лекин уларда рецептсиз дори сотиш амалиёти авжига чиққани ачинарли.

Яъни, одамларимиз шифокор кўригидан ўтмай туриб, дардини дори сотадиган оддий фармацевтларга айтаётганига исталган дорихонада дуч келиш мумкин.

Оқибатда доридан заҳарланиш ҳолатлари учраётгани афсусланарли. “Док-1 макс” билан боғлиқ жиноят жабрланувчиларнинг кўпчилиги ушбу сиропни аптекадан шифокор тавсиясисиз, ўз ихтиёри билан сотиб олганини айтган эди.

Тўғри, рецептсиз сотиладиган дорилар ҳам бор. Лекин, бу уларни аптекачи тавсиясига таяниб ичиш мумкинлигини англатмайди.

Сенатнинг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида айнан  шу масалага эътибор қаратилди. Сенаторлар дори воситаларининг рецептсиз сотилиши, дорилар билан боғлиқ болалар ўлими юз бергани, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани билан боғлиқ саволларни ўртага ташлади.

Бунга жавобан масъуллар рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий сайтида эълон қилиб борилиши, фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигига эътибор кучайтирилганини қайд этди.

2025 йилдан бошлаб фармацевтика соҳасида халқаро GMP стандарти жорий этилиши  қайд этилди. Мазкур стандарт дори воситаларининг хавфсизлигини тасдиқлайди. GMP стандарти дори ишлаб чиқаришдан бошлаб уни сотишгача бўлган барча жараёнга татбиқ этилади.

Масъуллар, шунингдек, электрон рецепт бериш, дориларни сотишни рақамлаштириш устида иш олиб борилаётганини айтиб ўтди.

Сенаторлар маъқуллаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун эса юқоридаги каби муаммоларга барҳам беришга қаратилган.

Мазкур қонуннинг аҳамияти ҳақида сенатор Манзура Салимова қуйидагиларни сўзлаб берди: 

– Мамлакатимизда фармацевтика ва кимё саноатини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ривожлантириш ҳамда унга илғор илмий-техника ютуқларини ва инновацияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қонун билан “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Шу билан бирга, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларга дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартибини тасдиқлаш ваколати Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланиши ҳақидаги қўшимча киритилди.

Шунингдек, рецептсиз ёки шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари тўғрисидаги ахборотни уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрида кўрсатиш талабини жорий этувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш, кимё-технологик кластерларни хусусий инвестициялар ҳисобидан жадал ривожлантириш орқали турдош тармоқларнинг кимёвий реагентларга ва прекурсорларга талабини тўлиқ қондириш мақсадида “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш киритилмоқда.

Бугунги кунда республикада амалга оширилаётган кенг кўламли инвестиция сиёсати натижасида кимё, тоғ-кон, металлургия, тўқимачилик саноати ва бошқа йирик саноат тармоқларида давлат корхоналари ва муассасалари ўрнини хусусий инвесторлар эгаллаётганлиги ҳамда уларда прекурсорлар билан муомаланинг тобора кенгайиб бораётгани кузатилмоқда.

Шунга кўра, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва маҳаллий саноатни ривожлантириш мақсадида хусусий корхоналарга муомалада бўлиши чекланган прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш фаолиятини лицензия асосида амалга ошириш имконияти яратилмоқда.

Ушбу қонун аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари тўғрисидаги ахборотдан хабардорлик даражасини оширишга, шунингдек, инвесторларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун Президентимиз томонидан имзоланиб, расмий эълон қилинганидан кейин кучга киради.

Норгул Абдураимова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА мухбирлари