Кеча Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Минск шаҳрида Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан учрашиб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Озарбайжонга давлат ташрифига тайёргарлик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди, деб ёзди “Ховар” ахборот агентлиги.
Тожикистон етакчиси Озарбайжонга 2024 йилнинг май ойида бориши маълум қилинган.
Вазирлар шунингдек, май ойида Озарбайжонда Тожикистон маданияти кунлари, Тожикистон киноси кунлари ҳамда Тожикистон-Озарбайжон бизнес анжуманини ўтказиш бўйича ҳам фикр алмашишган.
Музокараларда қатор минтақавий ва халқаро масалалар ҳам кўриб чиқилди, дейилади хабарда.
***
Қозоғистон қишлоқ хўжали вазирлиги маълумот беришича, мамлакатда юз берган сув тошқинлари туфайли 6,8 минг бош қора мол нобуд бўлган. Офат кузатилаётган ҳудудлардан 102 минг бош қора мол хавфсиз жойга олиб ўтилган, 6,8 минг уй ҳайвони нобуд бўлган, дейилади “Kazinform” тарқатган хабарда.
***
Қозоғистонда янги сиёсий партия пайдо бўлиши мумкин. Ҳозир мамлакатда еттита партия рўйхатдан ўтган. Бундан ташқари, мамлакат Адлия вазирлиги “Yntymaq” партиясини рўйхатга олишга рухсат берди. Улар ушбу йўналишда навбатдаги босқичга ўтди ва партия тузиш бўйича ишни давом эттирмоқда, — деди Қозоғистон адлия вазири Азамат Ескараев.
Ўтган йили депутатлар сайловолди кампаниясида расман рўйхатга олинган етти партиянинг барчаси иштирок этган эди, деб ёзди “Kazinform”.
***
Жорий йилнинг икки ойи мобайнида Қирғизистонда ўткир гепатит вируси билан касалланиш ҳолатлари 3,9 баробарга кўпайган, дейилади мамлакатнинг Давлат санитария эпидимология назорати идораси тарқатган маълумотда.
Ҳужжатда келтирилишида, айниқса гепатит А вируси билан хасталаниш ортган ва 3190 та ҳолат рўйхатга олинган. Ўтган йилнинг шу даврида 755 та ҳолат рўйхатга олинган эди.
***
Ашхободда Афғонистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси очилди. Шунингдек, икки давлат тадбиркорларининг бизнес анжумани ҳам бўлиб ўтмоқда, дейилади “TDH” сайтида берилган хабарда.
Тадбирда Афғонистон давлат тузилмалари раҳбарлари ва мутахассислари ҳамда 230 та компания ва фирма вакилларидан иборат катта делегация иштирок этмоқда. Анжумандан кўзланган мақсад, икки қўшни мамлакат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан иборат.
***
Қозоғистонда тошқинлар туфайли қарийб 98 минг киши кўчирилди, дейилади мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Тошқин бошлангандан буён 97 минг 852 киши, шулардан 32 минг 856 нафар бола қутқарилиб, хавфсиз жойларга кўчирилди.
Ҳозирда 3 минг 524 та хусусий турар-жой ва 502 та ҳовли ҳудудлари сув остида қолмоқда. Хабарда таъкидланишича, табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларга 170 минг 635 килограмм гуманитар ёрдам жўнатилди.
Март ойида бошланган сув тошқинлари туфайли Қозоғистоннинг 10 та вилоятида маҳаллий миқёсда фавқулодда вазият эълон қилинган.
***
Бохтар шаҳрида Хитой миллий нефть-газ корпорациясининг (CNPC) нефть ва газ лойиҳасини амалга оширишга киришилди, деб хабар тарқатди Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги.
Лойиҳа Афғонистон-Тожикистон чегарасида жойлашган бўлиб, айрим маълумотларга кўра, у ерда йирик нефть ва газ конлари мавжуд. Хабарда айтилишича, конларнинг 40 фоизи Тожикистон ҳудудида жойлашган. Лойиҳанинг биринчи қисми Тожикистоннинг жануби-ғарбий қисмини Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегаралари туташган жойигача қамраб олади.
Лойиҳа Тожикистоннинг Хатлон вилояти Сарбанд шаҳридан бошланади. Лойиҳани амалга ошириш учун 25 нафар юқори малакали хитойлик техник мутахассислар ва Тожикистоннинг 190 нафар муҳандислари ҳамда юзга яқин замонавий технологиялар жалб этилади.
С.Раҳимов тайёрлади,
ЎзА