Жорий йилнинг баҳорида Оренбург вилояти, хусусан, Орск шаҳри ўз тарихидаги энг йирик ва энг ҳалокатли сув тошқинларидан бирига дуч келди. 5 апрель куни Урал дарёсида кучли сув тошқини натижасида тўғон вайрон бўлган ва 6 апрель куни эрталаб Эски шаҳарда 4500 дан ортиқ уй ва 4600 га яқин хусусий мулкни сув босишига олиб келган.

Оренбург вилоятидаги 6 мингдан ортиқ турар-жой бинолари сув остида қолган, шу жумладан Орскнинг Эски шаҳар ва Лесоторговый туманларини бутунлай сув босган. 153 та аҳоли пункти ташқи дунё билан алоқаси узилди. Табиий офат ўчоғида қолган аҳолининг баъзилари қутқарувчилар келишини кутиб, ўз уйларининг томларида нажот излашга мажбур бўлишди. Жабрланганларга ёрдам бериш учун барча мавжуд ресурслар сафарбар этилган. Қутқарув ва эвакуация ишларига Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кечаю кундуз ишлайдиган 700 дан ортиқ қутқарувчилари жалб қилинган. Шунингдек, сув тошқини зонасида қолган ҳайвонларни қутқариш учун қайиқлар ишлатилган.

Йирик сув тошқини натижасида Қозоғистоннинг бир қанча вилоятлари, жумладан, Ақтўбе, Атирау ва Ғарбий Қозоғистон вилоятлари зарар кўрди. Дарёлардаги сув сатҳининг кўтарилишига Россиядан келаётган сув сабаб бўлган. Хусусан, Ақтўбе вилоятида тўғоннинг бузилиши қайд этилди ва бу аҳолининг оммавий эвакуация қилинишига олиб келган. Остона ғарбидаги Атбасар энг кўп жабрланган шаҳарлардан бири бўлиб, тўғон бузилганда 400 дан ортиқ уй сув остида қолган. Қозоғистон бўйлаб жами олтита вилоятдаги 3698 та хусусий уй сув остида қолган, 58 та аҳоли пункти ташқи дунёдан ажратилиб, транспорт воситалари, озиқ-овқат ва дори-дармонлардан маҳрум бўлган. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун қутқарув ишларини олиб бориш учун 17 мингдан ортиқ одам ва 1900 дона техника сафарбар этилган. Сув тошқинлари оқибатида 74 942 киши, жумладан 17 914 нафари болалар эвакуация қилинган. Қозоғистондаги сув тошқини оқибатлари нафақат сув босган вилоятлар аҳолиси, балки чорва ва ҳосилидан айрилган деҳқонлар учун ҳам ҳалокатли бўлди. Сув тошқинлари туфайли мамлакатнинг 10 та вилоятида: Абай, Ақмола, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, шунингдек, Павлодар, Шимолий Қозоғистон ва Улитау вилоятларида маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинган деди, мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Орск ва Оренбург вилоятидаги сув тошқинларининг сабабларини мутахассислар шундай ифодалайди. 1. Баҳорда ҳароратнинг кескин ошиши қор қопламининг тез эришига олиб келди, бу эса Урал дарёсидаги сув ҳажмининг ошишига сабаб бўлди. 2. Тўғонларни мустаҳкамлаш бўйича олдинги баҳолаш ва чора-тадбирлар дарёнинг баҳорги тошқин давридаги ҳақиқий эҳтиёжлари ва имкониятларига мос келмади. 3. Мавжуд ҳимоя иншоотлари, жумладан, тўғонлар 2010 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, улар ўз вақтида кўздан кечирилмаган ва таъмирланмаган бўлиши мумкин. 4. Аҳолини мумкин бўлган офат ва хавфсиз зоналарга эвакуация қилиш тўғрисида ўз вақтида ва етарли даражада огоҳлантирилмаган.

Ш. Тоштемирова, А. Аҳмедов, ЎзА