Халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, халқ депутатлари кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари аниқлаштирилди.

Маҳаллий кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилгани ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилга мос бўлиб, буни амалда таъминлаш бўйича юртимизда изчил ишлар олиб борилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив (умуммажбурий) тусдаги, ер муносабатларига ва кўчмас мулкни бузиб ташлашга оид қарорлари ҳудудий адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоқда.

Адлия органлари томонидан маҳаллий кенгашларнинг ушбу тоифадаги қарорлари “E-qaror” электрон тизими орқали ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Ўз навбатида, юртимизда кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши маълум даражада норма ижодкорлиги жараёни сифатига боғлиқ.

Ўтган йили маҳаллий кенгашлар томонидан 34 мингдан ортиқ қарор қабул қилинган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 8 минг 405 тани, шундан 270 тадан ортиғи умуммажбурий аҳамиятга молик қарорларни ташкил этди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллий кенгашлар томонидан ҳудудий адлия органларига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 400 дан зиёд киритилган қарорлар лойиҳаларининг 200 дан ортиғига ижобий ҳуқуқий хулосалар ва 50 дан ортиғига эътирозлар билан ҳуқуқий хулосалар берилган.

Адлия органлари томонидан маҳаллий кенгашларнинг қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, аввало, қарорларнинг қонунийлигини таъминлашга қаратилган.

Шунга кўра, маҳаллий кенгашларнинг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда адлия органларининг тутган ўрни ва роли масаласида Миллий матбуот марказида Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университети вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда маҳаллий кенгашлар депутатлари томонидан янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш ҳақида гап борди.

Уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, қарорларни янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда қабул қилиш маҳаллий кенгашларга берилган айрим ваколатларнинг амалиётида тўғри қўлланилиши бўйича юзага келаётган масалалар юзасидан фикрлар билдирилди.

Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича, яъни қонунчилик ҳужжатлари билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида ихтисослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётгани айтиб ўтилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА