Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманлари фуқаролар йиғинларида томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, шу орқали аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тўрткўл туманидаги “Нурли йўл” маҳалла фуқаролар йиғинида томорқа еридан унумли фойдаланиб келаётган Бекчон Ҳамроев бир йилда бир неча маротаба даромад олади. Ҳозирги кунда 4 сотихлик иссиқхонада бодринг, 1 сотихлигида помидор, булғор қалампири, редиска ва кўкатлар парваришланаётган бўлса, тўқсонбости экинларидан пиёз ва саримсоқпиёз етиштирмоқда. Шунингдек, миришкор деҳқон биогомус ҳам етиштириб, томорқасини ўзи таъминлаб келмоқда.

Ушбу маҳалладаги Қаҳрамон Каримов оиласи ҳам томорқасига 3 сотихлик иссиқхона ташкил қилиб, гулчилик билан шуғулланади. Гулнинг турли хил янги навларини қўшни вилоятлардан келтириб кўпайтирмоқда.  Хонада ўстириладиган гуллар билан бир қаторда асосан томорқада ўсадиган ўндан зиёд турдаги гулни етиштиради. Албатта, уларни бозорга тайёрлагунга қадар анча меҳнат сарфланади. Шунингдек, ҳар хил полиз маҳсулотлари кўчатларини ҳам етиштириб келмоқда.

Элликқалъа туманидаги Пахтачи маҳалласида яшовчи саксон ёшни қаршилаган Искандар Матяқубов ўз оила аъзолари билан ердан самарали фойдаланиш ҳадисини олган. Йигирма сотихли иссиқхонада асосан лимон парваришлайди. Оила аъзоларининг барчаси доимий меҳнат билан машғул. Келгусида яна 30 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилишни режалаштирган.

Амударё тумани Қорамон маҳалласида яшовчи Алишер Яхшимов 2022  йилда чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида 66 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб келади.  Ушбу кредит маблағи ҳисобига ўн бош қорамол сотиб олди. Ҳозир уларнинг сони салкам йигирма бошга етди. Шунингдек, қўйларнинг сонини ҳам 30 бошга етказган. Чорвачилик билан шуғулланиши натижасида оиланинг иқтисоди анчагина яхшиланди. Қолаверса, қўшимча даромад олиш мақсадида асаларичилик билан ҳам шуғулланиб, йилига 3-3,5 тонна асал олади.

Қораўзак тумани “Қораўзак” шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Оразали Сарсенбаев хонадони томорқасига икки минг дона оқ терак экиб, уларни фуқароларга сотиб келмоқда. Бундан ташқари, қуёнчиликни ривожлантириш билан ҳам шуғулланаётган хонадон эгаси ҳар йили томорқасидан ўртача юз миллион сўмга яқин даромад олмоқда. Тахтакўпир тумани “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Баҳадир Усаков эса ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 1,5 сотих иссиқхона ташкил этди. Бугунги кунда экспортбоп ҳосил берувчи тарвуз ва помидор етиштириб, мўл даромад олиш ниятида. Фақат иссиқхона билан чекланиб қолмасдан, асаларичилик, боғдорчилик, уй шароитида паррандачиликни ҳам йўлга қўйган.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Элликқалъа туманидаги “Пахтачи” маҳалла фуқаролар йиғинида ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Раъно Артиқова хонадонида томорқадан унумли фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва оиласига қўшимча даромад олиб кириш мақсадида иссиқхона ташкил қилди. Бу ерда бодринг етиштириб, 40 тонна ҳосил олишни режалаштирган.

Кичик иссиқхонада гул етиштириш орқали миллионлаб даромад олса бўлади. Кегейли туманидан Рима Базарбаева нафақага чиққач, гул етиштиришни касбга, кейин тадбиркорликка айлантирди. Яхши ният билан қилинган ҳар қандай меҳнат вақти келиб ўз мевасини беради.

Қорақалпоғистон Республикасида томорқачилик йўналишда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилмоқда. Шунинг учун ҳам томорқасидан мўл даромад олаётган хонадонлар сафи ортиб бормоқда.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири