Бугун, 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жорий йилнинг 26 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят ишига алоқадор қўшимча шахслар қўлга олинганини маълум қилди.
«Ўтказилган тергов ва тезкор–қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди, шунингдек 2 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган эди,» – дейилади хабарда.
Қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Шунингдек, қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бир қатор мансабдор шахслари, жумладан, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси ҳам лавозимидан озод этилди. ЎзА манбасига кўра, мазкур истеъфолар Комил Алламжоновга суиқасд қилишга оид иш доирасида амалга оширилган.
ЎзА